БЎЗСУВ

БЎЗСУВ — Чирчиқдарёсидан чиқарилган қад. канал. Б. Чирчиқнинг ўнг соҳилидаги қад. терассалар бўйлаб шим. шарқдан жан. ғарбга томон йўналиб, Тошкент вилояти Қибрай, Зангиота ва Янгийўл туманлари, Тошкент ш. ҳудуди, шунингдек Қозоғистон Республикаси ерларидан ўтиб, Чиноз яқинида Сирдарёга қуйилади. Уз. 159 км. Бошланиши қисмида сув сарфи 310 м3/ сек, 10ГЭСдан қуйида 110 м3 (ортиқча сув Чирчиқ дарёсига ташланади). Бўзсувнинг ўзани эгрибугри, кенглиги 10—20 м. Қуйи оқимида 30 м гача чуқур дара ҳосил қилган. Бўзсувдан ҳар икки томонга сув сарфи 0,5 м3/с дан 35 м3/с гача бўлган, ирригация ва саноат учун мўлжалланган каттакичик 23 канал чиқарилган. Энг йириклари: ўнг соҳил Қорасув, Салор, Кайковус, Анҳор, Искандар, Юқори Тошкент, Жўн, Куркулдак, Ниёзбоши, Шим. Тошкент каналлари, Бўржар ташламаси. Салор, Кайковус, Қорасув ва Анҳор Тошкент ш. дан ўтиб, шаҳарни сув б-н таъминлайди. Бўзсув ва ундан чиқарилган каналларнинг умумий уз. 400 км дан ошади. Бўзсув суви билан Тошкент вилояти Зангиота, Қибрай, Янгийўл туманлари ва Қозоғистоннинг Чимкент вилоятидаги 140 минг га ер сув билан таъминланади.

1936 й. гача Чирчикдан сувни Байтқўрғон қишлоғидан юқоридаги Юмалоқтепа сув бўлгичидан олган, сув сарфи 90 м3 бўлиб, тахм. 65 минг га ерни суғорган. 1940 й. да янги ГЭСлар қурилиши муносабати билан Ғазалкент яқинида Чирчиқ дарёсига бош тўғон қурилди ва каналга сув дарёдан чиқарилган деривацион канал орқали олинадиган бўлди. 1926—54 й. ларда Бўзсув каналида 16 ГЭС (Оққовоқ2, Оққовоқ3, Қодрия, Салор, Бўзсув, Шайхонтоҳур, Бўржар, Оқтепа, Қуйи Бўзсув1,2,3,4,6 ва б.)дан иборат ЧирчиқБўзсув гидроэнергетика каскади барпо қилинган. Ўзбекистондаги биринчи ГЭС— Бўзсув ГЭС шу каналда қурилиб, ишга туширилган (1926). Каналда ГЭСлардан ташқари сув тўсувчи қурилмалар, насос ст-ялари, сув олувчи иншоотлар, остонали шаршаралар ва б. муҳандислик иншоотлари қурилган (канал схемасига қ.).

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан кейин Бўзсувда, жумладан 1995—2000 й. ларда унинг Анҳор тармоғида оқимни тартибга солиш, қирғоқларни мустаҳкамлаш ва соҳил бўйларини ободонлаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилди.

Шариф Ҳамдамов.

Prev Article

БЎЗДУНГТОВ

Next Article

БЎЗЧИЛИК