БОЗУБАНД

БОЗУБАНД, бозбанд, бозвант — зийнат буюми, аёллар тақинчоғи. Бўйин ёки қўлтиққа осиб юрилади. Шакли: икки учи қубба билан якунланган найчасимон ёки бир-бирига тегиб кетмаслиги учун ингичка жияк билан бирлаштириладиган иккита (бири қути, иккинчиси қопқоқ) тўртбурчак ёки учбурчак юпқа олтин ёки кумуш пластинкадан ясалган қутича; икки чети (учбурчак бўлса, устки бурчи) га занжир (2 — 5 қатор), пастига калта сим панжара безак ёки шокилалар ўрнатилади; суқма — мих бўлакча ёрдамида очиб ёпилади. Бозубанд юзаси босма, шабака (панжара), совоткори, симкори усулида нафис безатилади, қимматбаҳо тошлар, рангдор шиша, маржонлар қадаб нақшланади, безак мужассамотига ёзувлар киритилади. Бозубанд ўта меҳнатталаб, ҳашамдор ва нозик буюм бўлганлиги учун ғоят қадрланган, ҳатто қизларнинг келинлик сепига ҳам киритилган. Тошкент, Андижон, Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Хива каби йирик шаҳарларда тайёрланган, чет мамлакатларга ҳам чиқарилган. У тумор деб ҳам юритилади. 20-а. да урфдан қолган. Ҳозир ўзбек раққосаларининг миллий кийимлари таркибига кирган.

Loading...