БРАДИКАРДИЯ

БРАДИКАРДИЯ (юн. bradys — секин ва kardia — юрак) — юрак қисқаришларининг секинлашиши, юракнинг секин (1 мин. да 60 дан кам) уриши. Соғлом кишиларда (мас, спортсменларда) ҳам кузатилади, кўпроқ юракнинг айрим касалликлари (юрак блокадаси, синус тугун касалликлари ва б.) белгиси бўлиши мумкин. Оч юриш, баъзи заҳарланишлар, юрак гликозидларини суиистеъмол қилиш ҳам Брадикардияга сабаб бўлади. Брадикардияни бартараф этиш учун энг аввал уни келтириб чиқарган касаллик даволанади.