БРАҲМАНИЗМ

БРАҲМАНИЗМ, бараҳманлик — қад. ҳинд дини. Веда динмасосида мил. ав. 1-минг йилликнинг бошида пайдо бўлган. Браҳманизмнинг муқаддас адабиётига ведалар ва уларга ёзилган жуда кўп шарҳлар (браҳманлар, арньяклар, упанишадлар) киради. Браҳманизмда веда динидаги кўпгина худоларнинг таъсири деярли йўққа чиқиб, асосан 3 худо: Брахма, Шива ва Вишну эътиборли ҳисобланган. Браҳма оламни яратувчи ва бошқарувчи, Вишну — оламларни сақлаб қолувчи ва муҳофаза қилувчи, Шива — ҳамма мавжудотни яксон этувчи худо деб тушунилган. Браҳманизмда илгариги тотемистик тасаввурларнинг қолдиғи сифатида ҳайвон (сигир, маймун)ларни, айрим ўсимликларни ва б. ни илоҳийлаштириш мавжуд. Браҳманизмда бутун борлиқ хаёлий бўлиб, жонли нарсалар, жумладан инсон ҳам қайта тирилиш хусусиятига эга деб қаралган. Браҳма белгилаган ҳаёт меъёрлари, қонуннинг бажарилиши ёки бажарилмаслигига қараб инсон ахлоқига баҳо берилган. Браҳманизм таълимотига кўра, жонни халос қилиш, уни бундан кейинги қайта пайдо бўлишдан сақлаб қолишнинг бирданбир йўли жоннинг Браҳма билан қўшилиб кетишидир. Бунга эришмоқ учун Браҳманинг илоҳий моҳиятини тўла билиб олиш, фикрни худога қаратиш ва ташқи оламдан бутунлай воз кечиш талаб этилган. Браҳманизм ижтимоий ҳаётни, жумладан давлатни ҳам Браҳманинг ижоди, давлат арбобларини эса инсон қиёфасидаги худолар деб ҳисоблар эди.

Мил. ав. 6—5-а. ларда буддизм вужудга келди ва Браҳманизмга қарши кураш олиб борди. Буддизмга қарши кураш жараёнида ва унинг бевосита таъсирида Браҳманизм астасекин ҳиндуизмта айланиб кетди.