БРАҲМАНЛАР

БРАҲМАНЛАР — 1) Ҳиндистондаги олий касталардан бири. Келиб чикиши бўйича коҳинларнинг қад. табақаси (варна)га мансуб. Кадимда Браҳманлар коҳинлик вазифасини ўтаб, қурбонлик маросимларига раҳбарлик қилган, халқ орасида Ведаларни тарғиб этиш билан шуғулланган. Ўрта асрлар даврида эса давлат ишларида ҳам қатнашиб, кўпроқ қозилик лавозимини эгаллаган. Ҳоз. кўпчилик Браҳманларнинг кун кечириш манбаи диний маросимлар билан эмас, балки давлат хизмати, деҳқончилик ва б. юмушлар б-н боғлиқ. Ҳиндистондаги ҳукмрон синф ва зиёлиларнинг аксарияти Браҳманлар дир. Шунингдек, Браҳманлар орасида ишчилар, хизматчилар, фаррошлар, ҳунармандлар ҳам мавжуд;

2) асосан веда динига хос расмрусумлар баёни ва шарҳидан иборат қад. ҳинд муқаддас китоблари (мил. ав. 8—6-а. лар) бўлиб, улар Ведаларни мазмунан тўлдиради. Қурбонликнинг аҳамиятини кўрсатиш, ер худолари — коҳинларни осмон худоларидан юқори қўйиш Браҳманларнинг асосий ғоясидир. Браҳманларда қад. ҳинд ҳунармандчилиги, грамматикаси, астрономияси, фалсафаси ва б. хусусида ҳам маълумотлар бор.