БРАҲМО САМАЖ

БРАҲМО САМАЖ («Браҳма жамияти») — Ҳиндистондаги диний ислоҳчилик жамияти. 1828 й. да ҳинд маърифатпарвари Рай Раммохан томонидан ташкил этилган. Жамият илғор кучларини бирлаштириш, мамлакатнинг маданий даражасини кўтариш, табақавий, ирқий, диний ва б. тўсиқларни йўқ қилиш, умумий таълимни ислоҳ қилиш учун курашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Браҳмо самаж раҳбарлари ҳиндуизм, ислом, христианлиютт илғор томонларини ўзида сингдирган, «универсал» тусдаги, монотеизм руҳида ислоҳ қилинган янги дин жамиятни қайта қуриш воситаси бўлиши мумкин, деб ҳисоблаганлар. 1866 й. бу жамият 2 гуруҳга бўлиниб кетди. Биринчи гуруҳ — Адий самаж, иккинчиси — Бутун Ҳиндистон Б. с. и деб аталди. Биринчи гуруҳ упанишадлар ғоясига тарафдорлигини билдирган бўлса, иккинчи гуруҳ христианлик таъсирида бўлган. Кейинчалик бу жамият майдамайда ғоявий йўналишларга ажралиб кетди ва 20-а. нинг 2-ярмига қадар фаолият кўрсатди.