БРАКОНЬЕРЛИК

БРАКОНЬЕРЛИК (франц. braconnier — ит билан ов қилувчи) — ов, балиқчилик қоидаларини ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунчиликнинг бошқа талабларини бузган ҳолда ёввойи ҳайвонларни овлаш ва қириш. Ўзбекистонда ЎзР ЖК 202-моддасига биноан, овчилик, балиқчилик ёки ҳайвонот дунёсининг бошқа турларини ушлаш қоидаларини бузиш, ноёб ҳайвонларни тутишнинг белгиланган тартиби ёки шартларини, шунингдек махсус қўриқланадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот оламидан фойдаланиш тартибини бузиш анча микдорда зарар етказилишига сабаб бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача микдорда жарима ёки 2 й. гача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ билан жазоланади. Ўша қилмишлар ҳайвонлар, паррандалар, балиқ, ҳайвонот дунёсининг Қизил китобга киритилган бошқа турларини нобуд қилиш б-н; кўп микдорда зарар етказган ҳолда; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 75 бараваригача микдорда жарима ёки 2 й. дан 3 й. гача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд молмулк мусодара қилиниб ёки мусодара қилинмай 3 й. гача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша қилмишлар, хавфли рецидивист томонидан; шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб; ер, сув ёки ҳавода ишлатиладиган механизациялаштирилган воситалардан фойдаланиб; портлаш қурилмалари, заҳарли кимёвий моддалар ёки бошқа ялпи қириб юборадиган ёки нобуд қиладиган усулларни қўллаган ҳолда; уюшган гуруҳ томонидан; жуда кўп микдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 75 бараваридан 100 бараваригача микдорда жарима ёки молмулк мусодара қилиниб ёки мусодара қилинмай 3 й. дан 5 й. гача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.