БРАМАНТЕ

БРАМАНТЕ (Bramante) Донато (1444, МонтеАздруальдо, Урбино яқинидаги ҳоз. Ферминьяно — 1514.11.3, Рим) — италиялик меъмор. Уйгониш даври меъморлигининг йирик вакили. Дастлаб рассом сифатида ижод қилган. Браманте 1477 й. дан Миланда яшаб, СанСатиро (1479—83), Санта Мария делла Грацие (1492 й. дан) ва б. черковларни қайта қурган. 1499 й. Римга кўчиб, бу ерда Уйгониш даври учун хос бўлган энг муҳим асарларини яратган: 1500— 04 й. ларда Санта Мария делла Паче монастири ҳовлисидаги СанПьетро ин Монторио (Темпьетто) бутхонасини курган. 1514 й. гача Авлиё Пётр собори лойиҳаси устида ишлаган. 1503 й. да Ватикан саройи мажмуасини қайта қуришда қатнашган (Бельведер ва СанДамазо бинолари сақланиб қолган). Браманте ижоди Европа меъморлигининг ривожига катта таъсир кўрсатган.