БРАЗИЛЛАР

БРАЗИЛЛАР, ўзларини бразильенуш деб атайдилар — халқ, Бразилиянинг асосий аҳолиси, шундан 139 млн. киши Бразилияда яшайди (1990-й. лар ўрталари). Умумий сони 149,4 млн. киши. Парагвай, Аргентина, АҚШ ва Португалияда ҳам яшайдилар. Бразиллар португал типиви сўзлашадилар. Бразил миллатининг ташкил топишига (16— 19-а. лар) Европа мустамлакачилари — португал, итальян, испан, немислар ва Бразилиянинг ерли кабилалари (тупигуарани, же, аравак, кариб ва б.) ҳамда Африкадан қул қилиб олиб келинган негрлар (банту, ангола, эве, бенгела ва б.) асос бўлган. Бразилиянинг ерли аҳолиси (16-а. да 1 млн. га яқин) европаликлар мустамлакаси даврида қисман қириб ташланган, қолганлари Бразиллар таркибига сингиб кетган. Диндорлари асосан католиклар, протестантлар ҳам бор, ерли халқлар ва негрлар ўртасида қад. диний эътиқодлар, политеизмнинг белгилари учрайди. Қишлоқ аҳолисининг асосий машғулоти деҳқончилик (пахта, шоли, маккажўхори, кофе ва б.), чорвачилик (қорамол, йилқичилик), денгиз қирғоғида яшовчилар эса балиқ ови билан шуғулланади.