БРЕНДИ

БРЕНДИ (голландча brandewijne — ҳайдалган вино) — узум виносини ҳайдаб олинадиган ёки ачитилган мева, резавор мева шарбатидан тайёрланадиган кучли алкоголь ичимлик. 16-а. да Франциянинг Шаранта вилоятида пайдо бўлган. Тайёрлаш усули ва кувватига кўра 3 турга бўлинади; ўткир Бренди — ачиган шарбат ва узум турпини дистиллаб олинади, таркибида спирт миқдори 80— 90% га боради. Спирт қўшилган винолар тайёрлашда ишлатилади. Граппа — шарбати пресслаб олинган узум турпини ҳаво кирмайдиган ўраларда ачитиб, икки марта ҳайдаш усули билан олинади (спирт микдори 70 — 80%). Дистилланган сув қўшиб алкоголь ичимлик тайёрланади. Ч и н Б. (таркибида спирт микдори 57—72%) фақат вино ёки ачитилган шарбатлардан тайёрланиб, етилиши учун муайян муддат сақланади. Ичимликнинг бу тури кўпгина мамлакатларда Бренди номи б-н машхур. Брендини и. ч. технологияси хом ашё дистиллаш усули ва техникаси, сақлаш шароитлари, муддати ва б. га боғлиқ. Одатда, Бренди дуб бочкаларда камида 3 йилдан, маркалиси 7 йилдан кўпроқ сақлаб турилади. Бренди учун асосий хом ашё сифатида узум шарбати ишлатилади, лекин бошқа мева шарбатларидан ҳам тайёрлаш мумкин. Бренди кўпгина мамлакатларда ишлаб чиқарилади. Франция, Италия, Греция, АҚШ, Испания Б. ни экспорт қилувчи давлатлар қаторига киради.