БРИТАНИЯ МУЗЕЙИ — жаҳондаги энг йирик музейлардан, Лондонда. Европада биринчи давлат музейи. 1753 й. да асос солинган, 1759 й. дан ишга тушган (биноси инглиз сўнгги классицизми услубида қурилган, 1823—47, меъмор Р. Смёрк; қироатхона биноси, 1854—57, меъмор С. Смёрк). Британия музейида ибтидоий санъат (асосан Британия ороллари санъати), Қад. Миср ва Месопотамия (Розетта тоши, Ур ш. обидалари), Юнонистон ва Қад. Рим санъати обидалари (Парфенон ҳайкаллари, Галикарнас мақбараси, ваза ва нақшли тошлар йиғими), Европа, Осиё, Африканинг Ўрта асрлар санъати ёдгорликлари (араб, Эрон, Узоқ Шарқ кулоллик буюмлари, Бенин бронзаси), шунингдек расм, гравюра, кулоллик буюмлари, танга, медаллар тўпланган. Музейнинг этнография бўлимидан Африка, Америка, Океания ва б. халқлар маданий ёдгорликлари кенг ўрин олган. Фирдавсийнинг Муҳаммад Жўқий томонидан кўчирилган «Шоҳнома»си (1440, 31 миниатюра билан безатилган), «Бобурнома»нинг қўлёзмаси (16-а. 2-ярмида кўчирилган), Амударё хазинаси (1877, Амударё соҳилидан топилган) ва б. шу музейда сақланади. Британия музейи кутубхонасида 7 млн. дан ортиқ китоб, тахм. 105 минг қўлёзма, тахм. 100 минг хартия (қўлёзма ҳужжат) ва ёрлиқ, 3 мингдан ортиқ папирус бор. 1926 й. дан музей ўз жур. ни нашр этади.