БРИЗ

БРИЗ (франц. brise — шабада) — денгизлар, катта кўллар, баъзи йирик дарёлар соҳилида суткада даврий ўзгариб турадиган шамоллар. Бриз қуруқпикнинг сувга қараганда кундузи тез исиб, кечаси тез совиши натижасида, қуруқлик билан сув устидаги ҳавонинг т-раси ва босимида тафовут пайдо бўлиши оқибатида вужудга келади. Бриз кундузи сувдан қуруқликка, кечаси эса, аксинча, қуруқликдан сувга қараб эсади ва қирғоқнинг ҳар икки томонида бир неча км дан бир неча ўн км гача ва бир неча юз м баландликкача масофада сезилади.

Б. Оқ, Қора, Азов, Каспий денгизлари, Ладога, Онега, Севан кўллари ва Иссиқкўл қирғоқларида бўлиб туради. Тропикларда кучли бўлади.