БРОНХИТ

БРОНХИТ — бронхлар (асосан шиллиқ пардаси)нинг яллиғланиши. Нафас аъзоларининг кўп учрайдиган касалликларидан бири. Бронхит ўткир ва сурункали бўлади. Касалликни кўпинча пневмококклар, гемолитик стрептококклар, стафилококклар, грипп вируси, Фридлендер таёқчаси ва б. келтириб чиқаради. Совуққотиш, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш, тамаки чекиш, баъзи кимёвий моддалардан сурункали заҳарланиш; юқори нафас йўлларида инфекция ўчоғи борлиги (синусит, гайморит) ҳам ўткир Бронхит ривожланишига шароит туғдиради. Касаллик қуруқ йўтал, тўш атрофида оғриқ, юқори нафас йўлларининг ўткир яллиғланишига хос ўзгаришлар, тумов б-н бошланиб, кейин яллиғланиш бронхларга тарқалади, мускуллар қақшаб оғрийди, кўкрак соҳасида қисилиш ҳис қилинади, йўтал дастлаб қуруқ бўлиб, кейин балғам ажралади, гавда ҳарорати кўтарилади, грипп билан оғриган беморларнинг лабларига учуқ тошади ва б. Орадан бир неча кун ўтгач, касаллик батамом тузалади, баъзан чўзилиб кетиб, сурункали Бронхитга айланиши мумкин. Ўткир Бронхит болалар ва кексаларда оғир ўтиб, унга ўпка яллиғланиши (зотилжам) қўшилиши мумкин. Сурункали Бронхит нафас аъзоларининг энг кўп тарқалган касалликларидан. Кўпроқ эркакларда кузатилади. Сурункали Бронхит бирламчи ва иккиламчи бўлиши мумкин. Бирламчи сурункали Бронхитда бронхларнинг диффуз ўзгаришлари кузатилади. У бронхўпка ва б. аъзоларнинг касалликларига боғлиқ бўлмайди. Иккиламчи сурункали Бронхит эса бронхўпка ва б. система касалликлари (сил, бронхоэктатик касаллик, сурункали пневмония, уремия, қон айланиши етишмовчилиги ва б.) натижасида келиб чиқади. Яллиғланиш хусусиятига кўра сурункали Бронхит катарал ва йирингли бўлади. Белгилари: беморни йўтал тутиб, шилимшиқйиринг аралаш балгам ажралади, ҳансирайди, унинг дармони қуриб, салга толиқади, ҳарорати кўтарилади, кўп терлайди, ишлаш қобилияти пасаяди. Катарал Бронхитда кўпинча эрталаб жисмоний машқдан сўнг йўтал пайдо бўлиб, балғам ажралади. Касаллик йил фаслига қараб тез-тез қўзиб туради. Бронхит енгил кечганида бемор уйда ёки кундузги стационарда даволанади. Ўриндан турмай ётиш, бекаму кўст овқатланиш, илиқ ичимликлар (малина мураббоси солинган чой, минерал сувли сут ва б.) ичиш, оёкларга ванна қилиш беморнинг аҳволини бир оз енгиллаштиради. Касаллик қўзиган пайтда этиотроп ва патогенетик даво қўлланилади. Беморни касалхонага ётқизиш керак. Вақтида ва тўғри даво қилинса, бемор батамом тузалиб кетади, акс ҳолда ўпка эмфиземаси, бронхоэктазия, юрак етишмовчилиги каби асоратлар қолдириши мумкин. Даво гимнастикаси, очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилиш тавсия этилади. Яллиғланиш авж олган даврда овқатда витамин ва оқсиллар мўлкўл бўлиши керак, чунки балғам кўп ажралганда организм кўп оқсил йўқотади. Юқумли касалликлар, айниқса гриппнинг олдини олиш, и. ч. да чангни йўқотиш, тамаки чекишни тақиқлаш, организмни чиниқтириш, сув муолажалари Бронхитнинг олдини олиш чораларидир.

Ҳайвонларда аксарият қора молларда учрайди. Бронхитга ноқулай иқлим шароити, молларнинг совқотиши, совуқ сув билан суғориш, қўйларнинг жуни олингандан сўнг ёмғир ва совуқда, елвизакда қолиши, молларни тўшамасиз цемент биноларда сақлаш ва сифатсиз озуқалар берилиши сабаб бўлади. Бронхитнинг белгилари: касаллик бошида ҳайвонларнинг ҳарорати кўтарилади, йўтал, хириллаш, бурундан суюқлик ажралиши, нафас олиш қийинлашиб, безгак тутиши кузатилади, иштаҳа йўқолади. Касаллик кўкрак қафаси атрофини рентгеноскопия ва рентгенография қилиш йўли билан аникланади.

Давоси: балғам кўчирувчи препаратлар, антибиотиклар: неомицин, мономицин, фрадизин, тримеразин, трибсин, сульфаниламид берилади, скипидар билан ингаляция қилинади.

Олдини олиш: молларни сақлашда зоогигиена меъёрларига риоя қилиш.

Абдулла Убайдуллаев,. Пўлат Мўминов.