БРОНХОЭКТАТИК КАСАЛЛИК

БРОНХОЭКТАТИК КАСАЛЛИК, бронхоэктазлар (бронх ва юн. ektasis — чўзилиш) — нафас аъзолари касаллиги, бронхларнинг кенгайиши (бронхоэктаз) б-н кечади. Туғма (куп бронхоэктазлар) ва бронхлар деворининг яллиғланиши (ўпка с или, кўкйўтал, сурункали бронхит, зотилжам, грипп ва б.) туфайли орттирилган бронхоэктазлар фарқ қилинади. Бронхоэктатик касалликда бронхлардаги яллиғланиш жараёни ўпка, юрак, буйрак ва б. аъзолар фаолиятига ҳам таъсир қилади. Дастлаб касаллик сезилмаслиги мумкин, зўриққанда беморнинг эти увишади, иситмалайди, йўталиб балғам ташлайди, кўпинча эрталаб оғиз тўла балғам келади (суткада 1 л гача), у қўланса ва йирингли бўлади. Бронхоэктатик касаллик узоқ давом этиб, кўпинча авж олиб боради. Унга ташҳис қўйиш учун бронхография ўтказилади. Касалликка хос дастлабки белгилар пайдо бўлганда, дарҳол врачга мурожаат этиш керак. Акс ҳолда юрактомир тизими ва буйракда турли асоратлар юзага келиши ва беморнинг иш қобилияти пасайиши мумкин. Касаллик хуруж килганда бемор касалхонада даволанади. Организмнинг умумий кувватини оширувчи дорилар буюрилади, иқлим билан даволаш, зарур бўлса жарроҳлик усули қўлланилади.

Next Article

БРУНЕЙ