БРОНЗА ҚЎНҒИЗЛАРИ

БРОНЗА ҚЎНҒИЗЛАРИ, тилла қўнғизлар (Cetoniini) — пластинка мўйловли қўнғизлар оиласининг кенжа оиласи. Уз. 1—10 см. Устки қанотлари металл тусда товланиб турганидан тилла қўнғизлар деб ҳам аталади. Устки қанотларининг икки ёнида тирқишлари бўлади. Бронза қўнғизлари учганида остки қанотлари ана шу тирқишдан чиқиб ёйилади, устки қанотлари ёйилмасдан қорни устида тахланиб туради. 2700 дан ортиқ тури бор, кўпчилиги тропик минтақаларда тарқалган, айниқса тропик Африкада (мас, голифлар) ва Жан. Осиёда кўп учрайди. Ўзбекистонда 12 тури тарқалган. Тоғли ҳудудларда яшил бронза қўнғизи (Netocia marginicollis) ва пахмоқ бронза қўнғизи ёки оленка (Epicometis turanica) бир томондан ўсимликларнинг гулини еб бирмунча зиён келтирса, иккинчи томондан гулларни чанглатиб фойда келтиради. Бронза қўнғизларининг Ссимон қуртлари чириётган ёғочлар, компостлар, ўрмон тўшалмасида, айрим турлари чумолилар ва кемирувчилар инида ривожланади. Айрим Бронза қўнғизлари, мас, оленка экинларга зиён келтиради.