БРОНЗА

БРОНЗА, биринж — 1) техникада — миснинг қалай, алюминий, кремний, бериллий, қўрғошин ва б. элементлар б-н қотишмаси. Mac, мис билан қалай қотишмаси қалайли Бронза деб аталади. Қалайли Бронза ишқаланишга яхши чидайди, сув ва буғда деярли зангламайди, қолипга яхши қуйилади, қуйилганда 1% дан ҳам кам киришади. Ишқаланадиган деталлар, жўмраклар, уч йўллик (тройник)лар ва б. тайёрлаш учун ишлатилади. Бронзанинг механик хоссалари таркибидаги қалай микдорига боғлиқ бўлади: қалай 20% дан сал ошгунча мустаҳкамлиги ортиб бориб, сўнгра тез пасаяди, қалай тахм. 5% дан ортгач, пластиклик хоссаси пасая боради. Қалайли Бронза ларга легирловчи элементлар сифатида рух, қўрғошин, никель ва б. баъзи элементлар қўшилади. Алюминийли Бронза механик хоссаси, кимёвий таъсирларга чидамлилиги, суюқ ҳолатда оқувчанлиги ва б. баъзи хоссалари жиҳатидан қалайли Бронзадан устун туради. Термик ишлов бериб, уларнинг механик хоссаларини яхшилаш мумкин. Булар хилмахил втулкалар, шестернялар, йўналтирувчилар ва б. муҳим деталлар тайёрлаш учун ишлатилади. Таркибида 3—4% кремний бўлган Бронзанинг механик хоссалари қалайли Бронза ларникидан яхши бўлади, аммо қолипга қуйилганда кўпроқ киришади. Кремнийли Бронза ларнинг қолипга қуйилиш ва кесиб ишланиш хоссаларини яхшилаш учун уларга рух ёки қўрғошин қўшилади. Бериллийли Бронза 2% бериллий б-н 98% мисдан иборат қотишма. Олдин тобланиб, сўнгра бўшатилса, қаттиқ ва мустаҳкам бўлиб қолади. У пухта, пластик, яхши пайвандланувчан, осон кесиб ишланадиган ва коррозияга чидамли бўлгани учун ундан пружиналар, мембраналар, зарб билан ишлайдиган асбоб ва б. тайёрланади. Қўрғошинли Бронза нингмашинасозликда антифрикцион материал сифатида энг кўп ишлатиладигани 30% қўрғошин ва 70% мисдан иборат;

2) санъатда — қадимдан амалий безак ва ҳайкалтарошлик асарлари хом ашёси (қалайли Бронза қўнғироқлар, ўрта асрларда Хитойда Бронза идишлар қуйишда кумуш ҳам қўшилган). Бронза кукуни ва юпқа тахтаси (сохта тилла) ёғоч, суяк, металл, гипс ва ҳ. к. дан ишланган буюмларни ҳаллаш, қоплашда ишлатилади. Бронзанинг қолипга қуйилиш хусусияти яхшилиги туфайли (ишкаланишга яхши чидайди, деярли зангламайди ва б.) ҳайкалтарошликнинг майда қисмларигача яратиш имконини беради; қайишқоклиги, нафислиги, окувчанлиги, ортикча меҳнат талаб килмайди; бўртиб чиққан ҳажмли мужассамот ғовак, нисбатан енгил қуйма олиш имконини беради. Бронза оксидланиб турғун рангга (кўкдан тўқ жигарранг ва қорагача) эга бўлади, бундан ташқари кимёвий пардозга, ҳаллаш, сайқаллаш, тоблаш, зарблаш, чизишга осон берилувчан, бу эса буюмнинг ранги ва сифатини рангбаранг қилишга ёрдам беради.

Мил. ав. 3-минг йиллик ўрталарида Месопотамияда, 2-минг йилликдан Мисрда содда, очиқ қолип (тош, қум, ёғоч ва б.) усулидан сўнг табақали ёпиқ қолип (лой қолип)да қуйиш пайдо бўдди. Уларда қуйилган мукаммал ҳайкал ва идишлар қисмлари қалайлаб бирлаштирилган, чоклари кандакорлик б-н силлиқданган бўртма деталлар б-н ишланган. Кандакорлик баъзан чизмакори усули билан тўлдирилган (Ниневиядан топилган Бронза бош, мил. ав. 23-а., Ироқ музейи, Бағдод). Қалин деворли, диний идишларда кандакорлик б-н бўртма тасвирлар яратилган (Осиё ва Закавказье мамлакатларида). Мил. 1-минг йиллик охирларида Бронза буюмлар ўта майда бўртма тасвир (нақш, мураккаб ёзувлар, маиший ва ов лавҳалари) ва мис, кумуш, баъзан тилла қадамалар билан безатилган (Яқин Шарқ).

Мил. ав. 5—4-а. ларда Юнонистонда йирик Бронза ҳайкаллари қуйилган (Поликлет, Мирон, Лисипп ва б.) ва улар мум қуймаси усулида ишланган. Б, имкониятлари туфайли ҳайкал яратишда инсон танасининг барча хусусиятлари акс эттирилган. Қад. Римда портрет бюстлари ва б. йирик бўлакларда қуйилган, сайқалланган мужассамотларнинг шаклан аниқ ва ишонарлилигига эришилган.

Ўрта Осиёда мил. ав. 2-минг йилликнинг 2-ярмида Бронза металлургияси яхши ривожланди. Бронзанинг кашф этилиши деҳқончилик ва чорвачиликнинг тез ривожланишига олиб келди. Бронзадан куроллар, идишлар, безаклар ишлана бошлади. Бронзадан ясалган зебзийнат, уйрўзғор буюмлари, яроғаслаҳа ва ҳайкалтарошлик асарлари, Бронза буюмларига ишланган нақш, расмлар дастлаб Ғарбий Осиё, Қад. Миср, Ўрта Осиёда ўрганилган. Ўзбекистон ҳудудидан қад. даврга оид кўпгина Бронза санъати намуналари топилган. Мае, Хак (Фарғона вилояти) қишлоғидан топилган Т шаклидаги Бронза тўғноғичнинг (мил. ав. 3—2-минг йиллик) тепа қисмида бузоғига суйкалиб турган сигир ва уни соғаётган аёл тасвирланган. Обираҳмат (Тошкент вилояти) қишлоғидан топилган Бронза билагузукларнинг сиртига ўсимлик новдалари шакли чизилган. Ўзбекистоннинг турли ерларидан топилган (мил. ав. 1-минг йиллик ўрталари) сак, массагет қабилаларининг Бронза санъати буюмлари — пичоқ, ханжар, қилич, болта, дубулға ва қозонларнинг безак услуби бир хил. Ўзбекистон халклари тарихи музейи тўпламида бир қулоқли, чўлоқ, яланғоч киши; бўрига миниб олдига болани ўтқазиб олган одамнинг Бронза ҳайкалчалари бор. 11—13-а. ларга оид санъат асарлари орасида Бронзадан ясалган қуш, ҳайвон ва одамларнинг ҳайкалчалари мавжуд. Аҳмад Яссавий мақбараси (Туркистон ш.) учун Амир Темур Б. дан қуйдирган улкан қозон ва шамдон (14-а. охири) ўша даврнинг етук Бронза санъати асарларидан. Қозон сатҳидаги ислимий услубдаги нақшлар орасига сулс ва куфий хати билан ёзувлар битилган. Шамдон (бал. 87 см) сатҳига олтин ва кумуш нақшлар ўйиб ишланган, ислимий безаклар билан бир қаторда сулс хати билан ҳам безатилган. Хивадаги Паҳлавон Маҳмуд мақбараси шипидаги қандил ва унинг занжирлари Бронзадан ясалган.

Бронза ҳайкалтарошлик, амалий санъат ва б. да кенг ишлатилади, ундан ҳайкаллар, бадиий буюмлар, безаклар каби санъат асарлари яратилмоклд (жумладан, Амир Темур, Алишер Навоий, Беруний, Фарғоний ва б. нинг ҳайкаллари).

Европада ўрта асрлар ва роман услубидаги черков, собор Б. эшиклари, мақбаралар, турли шаклдаги йирик идишлар, диний маросим буюмлари ва б. йиғма бўлган. Улардаги текис, юза тасвир ва нақшларда Бронзанинг салмоғи сезилади.

Уйғониш даврида яна мум қуймаларидан фойдаланилган, бунда қисмларга бўлиб қуйиш кенг тарқалган, йиғилганда ҳосил бўлган чоклар кандакори усулида йўқотилган. 17—18а. лар текис юза ва бўртма тасвирда рангбарангликка эришилди, Бронза сарой ва боғлар безагининг элементларига айлантирилди. Тилла ҳалнинг турли тусларини қўллаш, бўғиқ ва панжарали қуйишни қўшиб қўллаш Бронза имкониятларини чексиз қилиб қўйди.

19-а. ўрталаридан бадиий Бронза ишлаб чиқариш инқирозга учради, арзон буюмларга талабнинг ортиши, дастгоҳли ҳайкалтарошликнинг ўсиши Бронза имкониятларига қизиқишни пасайтирди. Янги юксалиш даври 19-а. охири ва 20-а. дан импрессионистлар (О. Роден, П. Трубецкий) ҳамда ҳайкалтарошлар (А. Бурдель, Ш. Деспьо, Ж. Манцу ва б.) ижодида кўзга ташланди.

Prev Article

БРОНЕПОЕЗД

Next Article

БРОНХИОЛИТ