БРУКИТ

БРУКИТ [инг. минералоги Г. Ж. Брук (1771—1857) номидан] — содда оксидлар кенжа синфига мансуб минерал, TiO2 нинг учта табиий полиморф модификациясидан бири. Баъзан таркибида темир ва ниобий қўшимчаси бўлади. TiO6 нинг октаэдр гуруҳидан тузилган, умумий боғлам билан туташган варақсимон ҳамда призма шаклида. Ромб системада кристалланади. Ранги сарғишқўнғирдан қизғиш кўнғиргача. Олмос каби ёки металлсимон ялтирайди. Қаттиклиги 6—6,5; с оғ. 3,9—4. Кристаллари олтин сочмаларида ва альп типидаги ертомирларда, гидротермал метаморфик жинсларда, баъзан пегматитларда учрайди. 700° гача қиздирилганда рутилга айланади. РФ (Урал), Швейцария, Франция, Австрия, АҚШ ва б. жойларда конлари бор. Ўзбекистонда Чатқол—Курама тоғларидаги ўзгарган гранитоидларда топилган.