БРЯНСК ВИЛОЯТИ

БРЯНСК ВИЛОЯТИ — РФ таркибидаги вилоят. 1944 й. 5 июдда ташкил этилган. Брянск вилоятида 27 туман, 16 шаҳар ва 31 шаҳарча бор. Майд. 34,9 минг км2. Аҳолиси 1467 минг киши (1999), асосан руслар, шунингдек украинлар, белоруслар ва б. яшайди. Шаҳарликлар 60%. Маркази — Брянск ш.

Брянск вилояти Ўрта Россия қирларининг ғарбий чеккасида, рельефи тўлқинсимон текислик. Шарқий қисми бир оз баланд (200—250 м). Торф, фосфорит, гил, қум, мергеллар бор. Иқлими мўътадил континентал. Янв. нинг ўртача т-раси —7°—9°, июлники 18°—19,Г. Йилига 550—600 мм ёғин ёғади. Дарёлари Днепр дарёси ҳавзасига мансуб, энг йириги — Десна. Асосан подзол тупроқ учрайди. Брянск вилоятининг каттагина қисми ўрмон зонасида, жан. шарқий қисмигина ўрмонли дашт зонасида. Қарағай, қорақарағай, қайин ўсади. Ўтлоқ кўп.

Брянск вилояти саноатида машинасозлик ва металлсозлик етакчи ўринда. Тепловозлар, т. й. вагонлари, юк автомобиллари, станоклар, экскаваторлар, автогрейдерлар, қ. х машиналари, приборлар, енгил саноат учун технологик жиҳозлар ишлаб чиқарилади. Брянскда «Брянск машинасозлик з-ди», «Брянск электромеханика з-ди», «Брянск автомобиль з-ди», йўл машиналари и. ч. бирлашмалари ишлаб турибди. Енгил саноат жун газлама и. ч. га ихтисослашган. Брянскда камволь к-ти, Клинцида мовут к-тлари, каноп йигирув фкалари, «Красний гигант» кўн бирлашмаси бор. Қурилиш материаллари саноатида цемент, шифер, асбестцемент қувурлар, ойнашиша, иситиш радиаторлари ишлаб чиқарилади. Ойнашиша з-длари, Дятьково биллур з-ди, «Брянскцемент» и. ч. бирлашмаси бор. Ўрмонкимё комплексида минерал ўғитлар, қоғоз ва картон ишлаб чиқарилади. Тахта тилиш, фанера, мебель, ёгмой, консерва корхоналари ишлаб турибди. Маҳаллий торф асосида энергетика ривожланган. Қ. х. ғаллакартошка етиштириш ва сутгўшт чорвачилигига ихтисослашган. Асосий экинлари: жавдар, сули, гречиха, буғдой, техника экинларидан конопля, зиғир, қанд лавлаги, тамаки. Қорамол, шу жумладан сигир, чўчқа, қўйэчки, парранда боқилади. Асосий транспорти — т. й. Автомобиль йўллари зич. Десна дарёсида кема қатнайди. 3 олий ўқув юрти, 26 ўрта махсус ўқув юрти, ўлкашунослик музейи бор.