БРЮСОВ Валерий Яковлевич

БРЮСОВ Валерий Яковлевич [1873.1. (13). 12 Москва 1924.9.10] рус ёзувчиси, драматург. Москва унтини битирган (1899). Илк шеърлари Ғарб шеърияти таъсирида ёзилган (1894— 95). «Дурдоналар» (1895), «Бу — мен» (1897), «Учинчи қоровул» (1900) тўпламлари Брюсов ижоди камолотидан дарак беради. Мазкур асарларда унинг ижодига хос илғор хусусиятлар — образларнинг маромига етганлиги, ҳар бир шеър ва бутун китобнинг қатъий композицияга эгалиги, нотиқлик санъатининг кучлилиги сезилиб туради. «Одамовилар» (1900—01) достонида ўша давр тузуми кескин танқид қилинади. «Шаҳарларга ва жаҳонга» (1903) тўпламига кирган асарларида ишчи меҳнати мадҳ этилади. Брюсов 20-а. бошларида рус адабиётидаги модерн ва символизм оқими раҳнамоси бўлди. «Гулчамбар» (1906) шеърий тўплами шоирнинг романтик руҳдаги энг яхши асари саналади. «Барча мотивлар» (1909), «Соялар кўзгуси» (1912), «Камалакнинг етти ранги» (1916) шеърий тўпламларида рус жамиятидаги, кишилар руҳиятидаги ўзгаришлар тасвирланади. «Олов фаришта» (1908), «Зафар меҳроби» (1913) тарихий романларида замонавий воқеаларга монанд мавзулар топа билган. «Ер» драмасида келажак ҳақида фикр юритилади. «Сўнгги орзулар» (1920), «Бундай кунларда» (1921), «Дақиқа», «Йироқйироқлар» (1922), «Шошил» (1924) шеърий тўпламларида Брюсов даврга ҳамнафас шоир сифатида намоён бўлади. Брюсов адабий танқидчи сифатида ҳам ижод этган («Рус шеъриятида янги оқимлар», 1913; «Шеър ҳақида фан», 1919 ва б.).