БРЮССЕЛЬ

БРЮССЕЛЬБельгия пойтахти. Брабант провинциясининг маъмурий маркази. Сенна дарёси бўйида. Аҳолиси қарийб 1,22 млн. (1995), асосан фламанд ва валлонлар, кўпчилиги католик.

Брюссель 11-а. йилномаларида илк бор тилга олинади. Лувен графлари қароргоҳи бўлган. 12-а. дан Брабант тарихий вилоятининг асосий иқтисодий маркази, кейинчалик Фландрия ва Бургундиянинг маркази. 15-а. да Нидерландия таркибида Габсбурглар ҳукмронлигига ўтган. 1585 й. мартда шаҳарни испанлар истило қилган. 1714 й. Б. Бельгиянинг барча ҳудуди билан Австрияга қўшиб олинди. 1815—30 й. ларда Нидерландия қироллиги таркибида бўлган. 1830 й. дан Брюссель — Бельгия пойтахти. 1914—18 ва 1940—44 й. ларда Брюссельни Германия қўшинлари оккупация қилган. 1944 й. сент. да АмерикаАнглия қўшинлари Брюссельни озод қилди. 1967 й. дан Брюссельда Европа Иқтисодий Кенгаши ва Бенилюкс марказий органи, НАТО кенгаши ва унинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари олий бош қўмондонлигининг бош штаб квартираси жойлашган.

Брюссель —мамлакатнинг энг катта шаҳри, асосий саноат ва молия маркази, муҳим транспорт йўллари тугуни. Шаҳарга 10 дан ортиқ т. й. тармоғи кирган. Халқаро аэропорт бор. Брюссель каналлар орқали мамлакатнинг йирик денгиз порти — Антверпен ва саноат маркази — Шарлеруа билан боғланган. Брюссельда машинасозлик (транспорт машинасозлиги, электротехника ва айниқса аниқ приборлар и. ч.), кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, полиграфия, мебель саноати, ҳунармандчилик (гилам тўқиш, заргарлик буюмлари и. ч. ва б.) ривожланган. Саноат корхоналари, асосан Сенна дарёси бўйида жойлашган. Қироллик Академияси (1772), унт (1834), Лувен католик унти, география ин-ти ва б. олий ўқув юртлари, и. т. институтлари, обсерватория (1827); ботаника боғи, санъат академияси, қироллйк кутубхонаси (1837), музейлар, театрлар бор. Брюссельда Бутунжаҳон саноат кўргазмалари ўтказилади. Шаҳар марказида Гудула собори (1220—1500), шаҳар бошқармаси биноси, Қирол майдони ва б. меъморий ёдгорликлар сақланган.