
БУДДИЗМ
БУДДИЗМ (Будда номидан олинган) , Буддавийлик — жаҳонда кенг тарқалган динлардан бири (христианлик ва ислом дини билан бирга). Унга эътиқод қилувчилар тахм. 500 млн. дан ортиқ. Мил. ав. 6—5-а. ларда Ҳиндистонда пайдо бўлган. Марказий Осиё, Жан.
Шарқий Осиё мамлакатларида ва Узок. Шарқда тарқалган. Ҳоз. кунда Б. Шри Ланка, Мьянма (Бирма), Таиланд, Лаос, Камбожа, Вьетнам, Тибет, Бутан ва Япония каби давлатларнинг асосий динидир. Буддизм муайян тарихий даврларда Хитой, Ҳиндистон, Корея ва Индонезияда, деярли бутун Осиё халқлари, яъни жаҳоннинг салкам 2/3 кисми аҳолиси маънавий қадриятларига жуда катта таъсир кўрсатган. Ривоятларга кўра, Буддизмга Сиддҳартҳа Гаутама (Будда) асос солган. Буддизмда 2 асосий йўналиш мавжуд: хинаяна ва махаяна. Кейингиси жуда кўп секта ва мазҳабларга бўлинади.
Бошқа динлардан фаркли равишда Буддизмда ҳеч бир ўзгармас нарса йўқ, ҳатто худо ҳам ўзгарувчан, деб уқтирилади. Фақат он ёки лаҳзалар силсиласи мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири йўқолиб, кейингисига ўрин беради. Буддизм таълимотига кўра, инсон доимо азобуқубатга маҳкум ва бунга унинг ўзи сабаб бўлади. Зеро у, гарчанд бефойда бўлсада, ўз ҳаёти ва фаровон турмушини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Азобуқубатдан қутулиш учун кўнгил хуш кўрган барча нарсалардан ўзини тийиш даркор. Мунтазам равишда ёлғондан, ўғриликдан, бошқага зарар етказишдан, зинодан ўзини тийиш ҳамда медитация (онгни олий ҳақиқатга етишишга қаратиш), «бодхи», яъни «хотиржамлик»ка ва охироқибатда нирванага (азобуқубатнинг тугашига) олиб келади. Нирванага етишиш учун талаб қилинадиган ахлоқий баркамоллик бир эмас, бир неча ҳаётни тақозо этиши мумкин. Буддизм заминида 3 нарса — Будда, Дхарма ва Сангхага эътиқод ётади. Будда (Сиддҳартҳа Гаутама) олий ҳақиқатга етишишнинг ёрқин тимсоли. Дхарма — Гаутама қолдирган таълимот. Бу таълимотнинг энг қисқа баёни «тўрт олий ҳақиқат»дан иборат:
1) азобуқубат мавжуд;
2) азобуқубатнинг сабаби (истак) мавжуд;
3) азобуқубатнинг тугаши (нирвана) мавжуд;
4) азобуқубатнинг тугашига олиб келувчи саккиз босқичли йўл мавжуд. Сангха — Будда асос солган ва ҳозиргача фаолият кўрсатиб келаётган роҳиблар жамоаси. Тор маънода бу — ўтган аерларда «олий ҳақиқат»га етишган кўплаб авлиёлардир. Сангха жамоасига кабул этилган шахс қуйидаги 10 фарзни адо этишга қасамёд қилади: 1) ҳеч ким ёки ҳеч нарсани ҳаётдан жудо қилмаслик;
2) ёлғон сўзламаслик;
3) ўғрилик қилмаслик;
4) жинсий алоқага кирмаслик;
5) маст қилувчи ичимлик ичмаслик;
6) куннинг иккинчи ярмидан то эртанги саҳаргача овқат тановул қилмаслик;
7) уч кийимдан ортиқ ҳеч нарса билан танани безамаслик;
8) оммавий кўнгилхушликларда иштирок этмаслик ва томошабин сифатида қатнашмаслик; 9) баланд ва юмшоқ ўринда ётмаслик; 10) пул ишлатмаслик. Роҳиблар жамоаси асосан Буддизм тхеравадаси (айнан — оқсоқоллар таълимоти)га хосдир. Махаянада «ҳақиқат йўли» ҳар ким учун очиқ: роҳибларга ҳам, дунёвий кишилар (яъни оддий қавм)га ҳам; Буддага эътиқод қилинса, бас. Кенгроқ қаралганда, Сангха — муқаддаслик ва қудрат хазинаси. Кисқаси, Буддизм — Буддага эргашиб, Дхарма талабларини бажариш ва Сангха жамоасининг аъзоси бўлиб қолишдир.
Буддизм тарихи 2500 й. дан ортиқдаврни ўз ичига олади. Унга дастлаб брахманизм ва жайнизмниит таъсири кучли бўлган. Император Ашока (мил. ав. 3-а.) даврида Буддизм кучли мустақил дин сифатида шаклланди. 9 а. муваффақиятли фаолият кўрсатган Б. Ҳиндистонда инқирозга юз тута бошлади ва пировардида бу ерда унинг ўрнини хиндуизм тўлиқ эгаллади. Аммо Б. Шри Ланка, Жан. Шаркий Осиё ва Марказий Осиё оркали Хитой, Корея, Япония ва Тибетга ёйилиб улгурган эди. Шри Ланка ва Жан. Шарқий Осиёнинг материк қисмида Буддизм тхеравадаси (қад. анъаналарга содиқлик), Хитой, Корея, Япония ва Тибетда эса махаяна (янгича ёндашувлар) таркалди. 15-а. да Осиё қитъасида пайдо бўлган европаликлар Буддизм билан танишдилар. Уларнинг баъзилари Буддизмга киргач, Англия, Германия, АҚШда ўз жамоаларини ташкил этдилар. Хитойлик ва япониялик муҳожирлар бу эътиқодни Гавай ороллари ва АҚШнинг ғарбий соҳилларига олиб келдилар. Ҳоз. пайтда АҚШга кўплаб япон ва тибет роҳиблари ҳамда олимларининг кириб келиши натижасида мамлакат бўйлаб йирик Буддизм жамоалари ташкил топди. Буддизмнинг бир неча халқаро ташкилотлари ҳам мавжуд.
Буддизмда кундалик, даврий, махсус ва байрам маросимлари адо этилади. Монастир, бутхона ва хонадонларда эрталабки ва кечки ибодатлар уюштирилади. Одатда, 12—13 ёшли ўспирин 20 ёшгача, яъни балоғатга етгунга қадар монастирда роҳибликни ўтайди, лекин , тахм. уларнинг учдан бир қисми умрбод шу мақомда қолади. Оддий қэвм ёки дунёвий кишиларнинг энг асосий кундалик вазифаси — роҳибларни овқат билан таъминлашдир. Бу билан улар хайрли хизмат қилган бўладилар.
20-а. да жаҳон бўйлаб дунёвий кишиларни ушбу динга жалб этиш одат тусига кирди. Ҳатто Ҳиндистоннинг ўзида ҳам Буддизм дунёвий шаклда қайта тикланмоқда. Японияда дунёвий кишилар «синсюко» («янги динлар») деб аталган оқимларни (Россияда катта шовшувга сабаб бўлган «Аум синрикё» шулардан) ташкил этмоқдалар. Америкадаги «янги буддизм» жамоалари асосан дунёвий кишилардан таркиб топган.
Ўзбекистонда битта Буддизм жамоаси расмий равишда фаолият кўрсатади.
Аҳаджон Ҳасанов.