БУЕРМАН ТОҒЛАРИ

БУЕРМАН ТОҒЛАРИ — Қарноб чўлидаги тоғлар. Тўдакўл сув омборининг шарқида жойлашган. Буерман тоғлари Қарноб чўлининг пролювиал текисликлари билан ўралган. Энг баланд жойи 348 м, нисбий бал. 90—100 м, жан. ғарбдан шим. шарққа йўналган. Уз. 11 км. Рельеф жиҳатидан супасимон (платосимон) қоддиқ тоғ. Ён бағирлари, айниқса жан. шаркий ён бағирлари қия бўлиб қуруқ сойлар б-н ўйилган (3—10 м). Бўр ва палеоген даврларининг оҳактош, қумтош, конгломератлари б-н, энг юқори қисми қуйи тўртламчи даврнинг шағалтош, конгломерат ва лёссимон жинслари билан қопланган.

Шим. ғарбий этаклари қумли, жан. ғарбий этаклари шўрхоклар ва шўр тупроқлар, қолган этаклари шўртоб, бўзқўнғир тупроқлар билан қопланган. Ён бағирларнинг бўзқўнғир тупроқларида қоражусан кенг тарқалган. Оқжусан, боялич, сингрен, кейреуқ ҳам ўсади. Яйлов сифатида фойдаланилади.