БУҒЛАТИШ (кимёда) — эритмаларни қайнатиб қуюлтириш. Буғлатишда эритувчининг бир қисми буғланиб чиқади. Эритувчининг қолган қисми ҳам буғлатилса, кристалланиш юз беради, бунда эриган қаттиқ моддалар ажралади. Эритмаларнинг қайнаш т-раси доимо эритувчилар қайнаш т-расидан юқори бўлади; бу айирма температура депрессияси деб аталади, эриган модда концентрацияси ҳамда босим ортиши билан бу айирма ошиб боради. Эритмалар ҳар хил қурилмаларда буғлатилади. Расмда энг кўп тарқалган буғлатиш қурилмасининг чизмаси келтирилган. Буғлатиладиган эритма иситиш камерасининг тепасидан қуйилади. Камера сув буғи (бирламчи буғ) билан иситилади. Эритма устидаги буғ босими қурилманинг иш ҳажмидаги босимга тенг бўлгандагина эритувчи буғланади. Эритма камера найлари ичида қайнаб, иситиш камерасининг юқори қисмига кўтарилади, иккиламчи буғ (эритувчининг буғи)дан ажралгач, марказий циркуляция найига тушади. Қуюлтирилган эритма қурилманинг пастки қисмидан, иккиламчи буғ эса қурилманинг юқориги қисмидан чиқади.
Буғлатиш эритмаларни қуюлтириш ва эритмаларда эриган моддаларни ажратиб олишдан ташқари, тоза эритувчилар олишда, совуқ ҳосил қилиш ва б. да ҳам қўлланилади. Буғлатишдан кимё, озиқ-овқат саноатида ва б. да кенг фойдаланилади.