БУКЕЙ ЎРДАСИ

БУКЕЙ ЎРДАСИ (Ички Ўрда) Россия империясига қарам қозоқ хонлиги (1812—47). Урал ва Волга дарёлари оралиғидаги ерларда ташкил қилинган. Қозоқ султонларидан Нуралихон 1749 й. Кичик жуз (Кичик Ўрда) га хон бўлгач, мамлакатда ҳокимият учун аёвсиз кураш бошланган. Шунда Аштархон (Астрахон) казак полки командири Попов тахтдан умидини узган Нуралихоннинг ўғли Букейга Урал ва Волга дарёлари оралиғидаги даштларга кўчиб ўтиш учун чор ҳукуматидан ижозат сўрашни маслаҳат берган. Букей 1799 й. шундай қилган. Россия императори Павел I рухсат бергач (1801), Букей ўз тарафдорлари (5 минг ўтов, 22 мингдан ортиқ киши) билан мазкур даштларга кўчиб ўтган. 1812 й. чор ҳукумати Букейни хон этиб тасдиқиаган. Букей вафот этгач (1815), Б. Ў. ни унинг укаси Шиғай идора қилган (1815—23), ундан кейин тахтга Букейнинг ўғли Жангер (1823—45), сўнг Жангернинг ўғли Соҳиб Гирей ўтирган (1845—47). Соҳиб Гирей вафот этгач, чор ҳукумати хонлик ҳокимиятини бекор қилиб (1848), Б. Ў. бошқарувини рус чиновникларидан иборат Мувақкат кенгашга топширган. Букей Ўрдаси 1876 й. Аштархон (Астрахон) губерняси таркибига қўшиб юборилган.