БУКИШ МАШИНАСИ

БУКИШ МАШИНАСИ (машинасозликда) — ёгоч ёки металл заготовка (хом ашё, лист, труба)ни совуқлайин ёки қиздириб букиш учун мўлжалланган қурилма. Универсал Букиш машинасининг уч ва тўрт валикли (ротацион), траверсаси буриладиган, роликли, андазаси ёки ричаги буриладиган хиллари бор. Қалинлиги 40—50 мм дан ортиқ заготовкалар қиздириб, бундан юпқалари совуқлайин букилади. Листли прокат тўғри чизиқли ҳаракатланувчи лист букиш машиналари (пресслар)да, траверсаси буриладиган ва ротацион машиналарда, сортли прокат ва трубалар роликли Букиш машинасида букилади. Полоса, бурчаклик, квадрат, дойра ва б. сортли прокатлардан ясалган деталларни букиш, тўғрилаш ва штамплаш учун горизонтал букишштамплаш пресслари (бульдозерлар), тўғрилаш пресслари ишлатилади. Калибрланган симлар ёки ленталардан ясаладиган майда буюмлар (шплинтлар, скрепкалар, радиоаппаратура деталлари ва б.) букиш автоматларида тайёрланади.