БУКРИЛИК

БУКРИЛИК, букирлик — умуртқа поғонасининг қийшайиб, дўппайиб чиқиб қолиши. Букриликка бир ёки бир нечта умуртқаларнинг лат ейиши, сил, рахит ва б. касалликлар туфайли шикастланиши (қ. Спондилит), шунингдек гўдакни жуда эрта ўтиришга ўргатиш сабаб бўлади. Букрилик одатда кўкрак қафасининг қийшайиши б-н кечади. Умуртқа поғонасининг сили оқибатида келиб чиққан Букриликда беморни оғриқ, иситма безовта қилади, баъзан букри бўлган жойдан йиринг оқиб, бир неча йилгача битмайди. Букриликнинг олдини олиш учун шикастланган умуртқани ўз ўрнига тушириш, корсет тақиш, махсус жиҳозланган каравотлардан фойдаланиш тавсия этилади. Болаларни барвакт ўтқизмаслик, орқа мускулларини массаж қилиб туриш керак. Даво Букриликка сабаб бўлган асосий касалликни даволашдан иборат.