БУЛБУЛ

БУЛБУЛ (тахаллуси; асл номи Муртаза Мешади Ризо ўғли Мамедов) (1897.12.6, Шуша тумани Хонбоғи қишлоғи — 1961.26.9, Боку) — озарбайжон хонандаси (лирикдраматик тенор) ва мусиқашуносфольклоршунос, озарбайжон мусиқали театри асосчиларидан. Дастлаб халқ хонандаси сифатида танилган. 1920 й. дан Озарбайжон мусиқали театрларининг етакчи артисти. Боку консерваториясида (1927), Италия (Милан, «Ла скала», 1931)да таълим олган. 1932 й. дан Боку консерваториясининг ўқитувчиси, 1940 й. дан проф. Озарбайжон и. т. мусиқа кабинети ташкилотчиси ва раҳбари (1932—44). Фольклор экспедицияни бошқариб, 200 дан ортиқ халқ қўшиғини йиққан. Булбул 40 йиллик ижрочилик фаолияти мобайнида асл озарбайжонча миллий куйлаш услубларини Европа хонандалик санъати билан узвий боғлашга муяссар бўлган. Мажнун (У. Ҳожибеков, «Лайли ва Мажнун»), Герцог (Ж. Верди, «Риголетто»), Ғариб (Р. Глиэр, «Шоҳсанам»), Алиёр (М. Мағомаев, «Наргиз») каби ёрқин образлар яратган. Энг машҳур роли Равшан (У. Ҳожибеков, «Кўр ўғли»)ни 400 марта ижро этган. Ўзбекистонга бир неча марта келиб, ўз санъатини намойиш қилган.