БУЛБУЛЛАР

БУЛБУЛЛАР (Zuscinia) — чумчуқсимонлар туркумининг қораялоқлар оиласига мансуб сайроқи қуш. 6 тури бор: шарқ булбули (Z.luscinia) ва ғарб булбули (Z.megarhynchus) тарқалган. Улар фақат қанотининг тузилиши билан бир-биридан фарқ қилади. Булбулларнинг ранги кўримсиз, усти қўнғир ва тўқ малларанг, қорни оқиш, нари билан модасининг ранги бир хил, бўйи 20 см гача бўлади. Шарқ булбули Шарқий Европа ва Осиёнинг бир қисмида тарқалган. Қишлаш учун Ғарбий Африкага учиб кетади. Ўзбекистонга баҳор (апр. —май) да учиб келиб, куз (авг. —сент.)да учиб кетади. Ғарб булбули Ғарбий Европа, Кичик Осиё, Эрон ва Афғонистондан то Олтойга қадар тарқалган. Ўзбекистонда ҳам кўп учрайди, у сувга яқин бутазор, ўрмон, тўқай каби нам ерларда яшайди. Хатто, катта шаҳарларда парк ва боғлардаги дарахтларга уя солиб, тухум қўяди. Ғарб булбули тропик Африка, Хиндистон ва Арабистонда қишлайди. Узбекистонга баҳорда (апр. нинг охирида) учиб келади. Нарилари учиб келиши б-н то жўжалари тухумдан чиққунга қадар, айниқса жўжалари тухумдан чиқадиган вақтда кўп ва баланд овоз билан сайрайди. Жўжалари учирма бўлгандан кейин (июнда) сайрашдан тўхтайди. Булбуллар қафасда ҳам сайрайди. Шарқ булбули ғарб булбулига қараганда баланд ва ёқимли сайрайди. Булбуллар уясини дарахт ва буталарга солади. 4—6 дона тухум қўяди. Тухумини фақат модаси босади. Боласи тухумдан 13—14 кунда чиқади. Болаларни боқишда пари иштирок этади. Булбуллар ҳашаротлар ва уларнинг личинкалари б-н озиқланиб, фойда келтиради.