БУЛГАКОВ Алексей Иванович

БУЛГАКОВ Алексей Иванович (1816.19.2, ! Кронштадт — 1869. 10. 7, Швальбах, Германия) — рус денгиз сайёҳи, контрадмирал. 1840—42 й. ларда «Або» транспорт кемасида дунё бўйлаб саёҳат қилган. 1848—49 й. ларда Орол денгизида гидрографик текширишлар олиб борган. Ўз экспедицияси тўплаган материаллар асосида Орол денгизи ҳамда шу денгизда кемалар қатнови харитасини тузиб, 1850 й. да нашр эттирган. Сирдарё қуйи оқимини (1855), Амударё дельтасини (1859) текширган, Сирдарё ўрта оқимини тавсифлаган. 1857—59 й. ларда Орол ҳарбий флотига қўмондонлик қилиб Хива хонлиги ерларини босиб олиш мақсадида уюштирилган рус ҳарбий экспедицияларида фаол қатнашган. Булгаков ўзининг тадқиқотлари билан Туркистон хонликларини босиб олинишига кўмаклашган. 1863 й. дан умрининг охиригача Болтиқ денгизида хизмат қилган.