БУЛОҚЛАР, чашмалар — ер ости сувларининг табиий ҳолатда ер юзасига чиқиши (қуруқликда ёки сув остида). Булоқлар сувли қатламларни дарё водийлари, жарликлар, кўл чўкмалари кесиб ўтишидан, тектоник ёриклар, отқинди ва чўкинди жинслар контакт зоналари мавжудлигидан, сувли жинслар фильтрация хоссасининг бир хил эмаслигидан пайдо бўлади. Булоқлар 2 га бўлинади:
1) қайнар Булоқлар — ер остидан гидростатик босим, газ ва буғлар таъсирида ер юзасига чиқади. Фарғона водийсида (Шўрсув, Жалолобод), Тожикистонда (Обигарм, Иссиқбулоқ) кўп. Қайнар Булоқлар пайдо бўлиш шароитига қараб эрозион ва газ босимлига бўлинади. Бу Б. артезиан сувли қатламларнинг эрозион кесилиши, тектоник ёриклардан отилиб чиқиши ҳамда жарлик, сой ва дарё водийларининг сувли қатламларни кесиб ўтиши натижасида пайдо бўлади. Бундай Булоқлар Бухоро ва Қорақум нефтьгазли р-нларида учрайди;
2) сокин Булоқлар — сизот сувли катамларнинг олдини сув ўтказмайдиган жинслар тўсиб қолиши ёки очилиб қолиши, карст булокларининг ер юзасига чиқишидан ҳосил бўлади. Карст Булоқларнинг катталари кўп сувли (воклюз). Айрим карст Булоқлардан сек. ига 200—250 л сув чиқади. Бундай Булоқлар Фарғона водийси жан. да, Зарафшон ва Қашқадарё водийларида кўп, улардан аҳоли кенг фойдаланади. Булардан ташқари сек. ига 1000—1100 л сув берадиган йирик Булоқлар ҳам бор. Ўзбекистонда бундай Булоқлар лардан Қорабулоқ (Қашқадарё), Нурота ва Дейтбаланд (Самарқанд вилояти) да мавжуд. Булоқлардан чиқаётган сувнинг ўзгаришига кура доимий, даврий ва ўзгарувчан, т-раси бўйича совуқ (0°— 20°), иссиқ (20°—42°), қайноқ (40°— 100°), жуда қайноқ (100° дан ортиқ) Булоқларлар бўлади. Булоқлардан экинларни суғоришда, саноатда, аҳолини сув билан таъминлаш ва даволанишда (Хўжаипок булоғи, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида) фойдаланилади. Суви ичиладиган ва суғоришда фойдаланиладиган Б. Фарғона, Зарафшон, Қашқадарё, Нурота, Тошкент воҳаларининг тоғ олди жойларида кўп. Бу ерларда айрим Булоқларнинг бёрадиган суви сек. ига 10—15 л га етади. Шифобахш Булоқлар Тожикистон (Гармчашма, Хўжаобигарм), Қирғизистон (Жалолобод, Иссиқота, Жетиўғуз, Оқсув), Ўзбекистон (Шоҳимардон) ва б. ерларда бор. Тошкент ш. Чорсу майдонида ҳам 1960-й. лар охирларигача «Чорсу» меҳмонхонаси ўрнида Уккоша булоғи машҳур бўлган. Саноат аҳамиятига эга шўр (таркибида йод, бор, бром ва б. элементлар бўлган) Булоқлар тоғ олди, тоғ орасидаги ботиқ, артезиан хавзалар (Фаргона, Бухоро, Қарши, Қорақум)да учрайди. Ўзбекистонда Булоқлардан тўғри фойдаланиш мақсадида булоқли жойларнинг гидрогеология шароитлари, Булоқларлар пайдо бўлиши жараёни, сув т-раси, таркиби ва чиқадиган миқцори ўрганилади.