БУЛУНҒУР ДОСТОНЧИЛИК МАКТАБИ — Булунғур тумани (Самарқанд вилояти)даги бахшилик санъати маркази. Бунга мансуб бахшилар қаҳрамонлик достонларини ижро этиш б-н машҳур бўлганлар. Бу мактаб репертуаридаги достонлар соддалиги, ўта анъанавий ва нисбатан архаиклиги билан ажралиб туради. 18—20-а. ларда яшаган Амин бахши, Муҳаммад шоир, Чини шоир, Товбузар шоир, Қурбонбек шоир, Султонмурод, Йўлдошбулбул, Йўлдош Мулла Мурод уғли, Раҳимбулбул, Жўра шоир, Дўстёр Хўжаёр ўғли, Хўжаназар бахши, Фозил Йўлдошўғли, Ёрлақаб Бекназар ўғли каби ўнлаб йирик достончиларни бирлаштирган бу мактаб вакиллари Булунғур, Жомбой, Пойариқ, Ғаллаорол, Зомин, Жиззах атрофларида достончилик қилиб юрганлар. Улар достонларни асосан дўмбира, баъзан қўбиз жўрлигида ижро , эттанлар. Бу мактаб вакилларидан ёзиб олинган «Алпомиш», «Ёдгор», «Юсуф билан Аҳмад», «Машриқо», «Балогар дон», «Нурали», «Ширин билан Шакар», «Рустам», «Муродхон», «Зевархон» ва б. достонлар бадиий услуби жиҳатидан Булунғур достончилик мактабига хос хусусиятларни ўзида мужассам этган. Булунғур достончилик мактаби вакиллари Фарғона водийсидаги ўзбек достончилари, жумладан Янгиқўрғон туманидаги Қўлбуқон достончилари ижодининг шаклланишига ижобий таъсир кўрсатган.
Ад: Мирзаев Т., Собиров О., Имомов К., Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди, Т., 1980.