БУРЧАКТИШЛАР

БУРЧАКТИШЛАР, бурчак тишли тритонлар (Hynobius) — думли амфибиялар уруғи. Танглай тишлари бурчак шаклида қайрилган. 18 та тури бор. Шарқий Осиё ва Сибирда тарқалган. Сибирь бурчактиши ёки тўрт бармоқли тритон (Hynobius Keyserlingii) нинг уз. 13 см гача, думи 6 см га яқин, танасининг орқа ва ён томонлари бўз рангда, устида майда холлари ва оч ранг йўллари бор. Ўрта Осиё (Помир ва Самарқанд) да Туркистон Б. и (Н. turcestanicus) тарқалгани тўғрисида маълумот бор. Туркистон Бурчактишлари бармогининг 5 та бўлиши б-н бошқа турлардан фарқ қилади. Бурчактишлар қуруқликда яшайди, урчиш даврида сувга тушади. Эркаги сперматозоидлар б-н тўла сперматофорини, урғочиси эса 7—50 увулдириқли узунчоқ дириддоқ халтачасини сувга ташлайди. Тухумлари сувда уруғланади. Бурчактишлар турли умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади.