БУРГАЛАР

БУРГАЛАР (Siphonaptera) — қон сўрувчи ҳашаротлар туркуми. Уз. 1—6 мм, урғочиси эркагидан йирикроқ. Танаси икки ёндан кучли сиқилганлигидан ҳайвонларнинг юнги ва пати орасида енгил ва тез ҳаракат қилади. Қанотлари иккиламчи редукцияга учраган. Кўпчилик турларининг бир жуфт оддий кўзи бор. Оғиз органи кесувчи — санчувчи — сўрувчи типда. Оёқлари (айниқса кейингиси) яхши ривожланган, сакровчи. Урғочилари пол тирқишлари, тўшамалар ости, девор ёриқлари ёки кемирувчилар инига бир неча ўнта тухум қўяди. Тухумлардан оёқсиз, чувалчангсимон, танаси тук билан қопланган қуртлар чиқади. Улар пилла ичида ғумбакка айланади. Қуртлар ҳайвонларнинг органик қолдиқлари ва чириндилар, жумладан Бургалар ахлати билан озиқланади. Бургалар 3 й. гача, одам бургаси эса 2 й. гача яшайди. 1400 га яқин тури, шундан 310 тури Ўрта Осиёда учрайди. Бургалар иссиқ қонли ҳайвонлар ва одамда паразитлик қилади. Кенг тарқалган турлари: одам бургаси (Pulex irritans), ит бургаси (Ctenocephalides canis), каламуш бургаси (Ceratophyllus fasciatus), олақурт (Vermipsylla alacurt). Одам ва каламуш Бургалари одамга ўлат ва терлама касаллиги қўзгатувчиларини юқтиради.

Баъзи Бургалар гельминтларнинг оралиқ хўжайини ҳисобланади. Одам Бургалари қаровсиз қолган уйларда кўп учрайди. Қарши кураш чоралари: уй-жойларни тоза тутиш, полни карболнинг 2—5%ли эритмаси билан ювиш, девор ва полдаги ёриқларни керосинга ҳўлланган латта билан артиш, Бургалар учрайдиган жойларга пиретрум ва хлорпикрин сепишдан иборат.