БУРҒИЛАШ

БУРҒИЛАШқудуқ пармалаш, чуқурча ва ковак (шпур)лар қазиш жараёни. Геологик ва геофизик текширишлар ўтказиш, фойдали қазилмаларни қидириш, қазиб олиш, муҳандислик геологик изланишларни бажариш ва б. ишларда қўлланилади. Бурғилашда махсус асбоблар ёрдамида тоғ жинслари емирилади (майдаланади). Майдаланган жинс бўлаклари ташқарига чиқариб ташланади, натижада ковланаётган қудуқ, чуқурча ёки ковак чуқурлаша боради. Кудуқ, чуқурча ёки ковак девори қазиш жараёнида мустаҳкамланади. Бурғилашнинг пайдо бўлган вақтини аниқлаш жуда қийин. Мисрликлар 6000 йил илгари Бурғилашдан пирамида қуришда фойдаланганлар, қад. римликлар Бурғилашда қошиқсимон ковлагич ишлатганлар, 2000 йил илгари эса хитойликлар туз қазиб олишда Бурғилашдан кенг фойдаланганлар. Россияда бурғи ковакларидан ош тузи олишда фойдаланилган. Марказий Осиё ҳудудида ҳам маъданлар қазиб олишда кадимдан Бурғилаш усулидан фойдаланилган. Нефть конларининг кўплаб топилиши Бурғилашнинг тез ривожланишига олиб келди.

Қазиш усулларига кўра, Бурғилаш зарбий, айланма, колонкали бўлади. Штанга ёки арқоннинг учига маҳкамланган пармани кўтариб ташлаш йўли билан қудуқ қазиш зарбий Бурғилаш деб аталади. Зарбий Бурғилаш 17-а. да биринчи марта Хитойда шўр сувлар ва ёнувчи газларни чиқаришда қўлланилган. Айланма ҳаракат қилувчи парма билан ковак қазиш айланма Б. деб аталади. Бунда майдаланган жинс бўлаклари ковақда тўхтовсиз айланиб турувчи суюқ лой, сув ёки босим остидаги ҳаво ёрдамида ташқарига чиқарилади. Айланма Бурғилаш 3 хил бўлади:

1) роторли Бурғилаш — бурғилаш кувурлари бурғиланаётган вақтда штанга учига маҳкамланиб ковак ичига туширилади ва ер юзига ўрнатилган двигатель ёрдамида айланма ҳаракат қилади;

2) турбинали Бурғилаш — бунда тог жинсларини парчаловчи асбобни айланма ҳаракатга келтирувчи двигатель ковак ичида бўлади; у турбобур деб аталади. У доимо юқори босимда ковакда айланиб турувчи суюқ лой ёрдамида ишлайди. Двигатель электр токи ёрдамида ҳаракатланса, электробур дейилади;

3) комбинаиияланган (аралаш) Бурғилаш — бунда Бурғилаш ускунаси айланма ва зарбий агрегатлар б-н таъминланган бўлади. Иккинчи агрегат асосан қаттиқ жинсларни парчалашда ҳамда Бурғилаш жараёнида чигир ишдан чиқиб қолганда қўлланилади. Ҳалқасимон парма билан ковак ковланиб, ундан цилиндр шаклидаги чўзинчоқ жинс бўлаклари (керн) чиқариб олинса, бундай Бурғилаш колонкали Бурғилаш деб аталади. Бурғилаш халқ хўжалигининг кўпчилик тармоқларида, муҳандислик, геологик ва мелиоратив ишларда, рудали ва рудасиз маъданларни қидиришда, шахталардаги ҳавони алмаштиришда, сувни тортиб олишда. портлатиш ишлари ва б. да қўлланилади.

Loading...