БУРҲОНОВ

БУРҲОНОВ Мукаммил (1884, Бухоро — 1938, Тошкент) — Бухородаги жадидлик ҳаракати намояндаси. 1910 й. дан Ёш бухороликлар ташкилотининг аъзоси. Бухорода мактаб ва мадрасаларни ислоҳ қилиб, ёшларга замонавий таълим беришга ҳаракат қилган «Тарбияи атфол» («Болалар тарбияси») махфий жамиятини тузишда иштирок қилди (1910 й. нояб.) Ўз уйида яширин равишда янги усулдаги мактаб очди (1912), саводсиз ва чаласаводлар учун кечки курс ташкил қилди (1913). Жадидларга қарши Бухоро амирининг зулми кучайгач, Бухорони тарк этди (1918). Амир ҳокимияти ағдариб ташлангач, БХСР адлия нозири, мухтор вакили (1920—24). 20йлар ўрталаридан бошлаб сиёсий фаолиятни тўхтатди. Мақомчилар Ота Ғиёс ва Ота Жалоддан таълим олиб. жияни Бурҳонов Мутаваккилга дастлабки мусиқавий тарбия берди. Бурҳонов 1937 й. қатағон қилинди ва акаукалари билан биргаликда 1938 й. 24 сент. да отиб ташлаиди.

Ад.: Ўзбекистоннинг янги тарихи [2китоб], Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида, Т., 2000.