БУРМАБЎЙИН

БУРМАБЎЙИН (jynx torquUla) — кизилиштонлар туркумига мансуб қуш. Африка, Осиё ва Европада тарқалган. Ўзбекистонда ўтроқ яшамайди (баҳорда келиб, кузда Ҳиндистон ва Эронга учиб кетади). Бурмабўйин сийрак ўрмон ва боғларда яшайди. Бўйининг уз. 20 см гача бўлади. Тухумини дарахтлар ковагига қўяди, қушларнинг ташландиқ уяларидан фойдаланади. 6—12 та тухум қўяди. Тухумни, асосан урғочиси, у овқатланишга кетганда эркаги босади. Бурмабўйин чумолилар, ўсимлик ширалари ва б. ҳашаротлар билан озиқланади. Ҳашаротларни узун ва ёпишқоқ тили б-н пўстлоқ орасидан ёки уясидан тутиб олади. Бурмабўйин бирор нарсадан қўрқса, боши б-н бўйнини пармадек бурайди, шунинг учун у «бурмабўйин» дейилган.