БУРУН ҚОНАШИ

БУРУН ҚОНАШИбурун бўшлиғидан қон келиши. Буруннинг лат ейиши ёки шиллиқ пардасининг зарарланиши (тирналиши, шилиниши, бурунни ковлаш), организмнинг умумий, асосан, юқумли касалликлари (мас, грипп) Б. қ. га сабаб бўлади. Юрак, буйрак, жигар, қон яратувчи аъзолар касалланганда, қон босими ошганда ҳам бурун қонайди. Баъзан атмосфера босими, ҳаво ҳарорати ва намлиги ўзгарганда, шиллиқ пардага мунтазам кимёвий моддалар таъсир этганда, шунингдек жазирама иссиқ кунларда ҳам Бурун қонаши кузатилади. Бурун қонаганда қон ташкарига чиқмай, баъзан ҳалқумга қараб оқиши ва бурни қонаётган киши уни билмай ютиб юбориши ҳам мумкии. Бунда бирдан қон қусиш бурун қонаётганининг аниқ белгиси ҳисобланади. Баъзан қизилўнгач ёки меъдадан келаётган қон ҳам бурундан қон кетишига сабаб бўлади. Бурун қонаганда бошни баланд қилиб ётқизиш, бурун катагига водород пероксид шимдирилган пахта ёки дока тиқин қўйиш, иложи борича қонни тўхтатиш чорасини кўриш лозим. Муздек сувга латта ҳўллаб қаншарга босиш, тўхтайвермаса энсага муз солинган халта қўйиш, булар ёрдам бермаса врач чақириш керак. Ботбот Бурун қонаши бирор касаллик аломати бўлиши мумкин, бундай ҳолларда, албатта, тиббий текширувдан ўтиш зарур.

Prev Article

БУРУН

Next Article

БУРУНТОВ