БУРУН

БУРУНодам ва умуртқали ҳайвонлар нафас йўлларининг бошланғич қисми ва ҳид билиш аъзоси. Овоз чиқариш ва сўзлашда резонатор вазифасини ўтайди (овозни кучайтиради ва унга оҳанг беради); ташқи Бурун, бурун бўшлиғи ва Буруннинг ёндош бўшлиқларига бўлиниб, ёндош бўшлиқлар Бурун бўшлиғига тор тешиклар орқали очилади. Ташқи Бурун суяктоғай скелетидан тузилган. Тоғай тўқима борлиги туфайли ташқи Бурун эгилувчан. Бурун териси бағрида ёғ безлари бор. Б. бўшлиғи (Cavitas nasi) юпқа тўсиқ орқали икки бўлакка ажралган бўлиб, катаклар орқали ташки муҳит б-н, хоана орқали эса бурунҳалқум билан туташади (қ. Ҳалқум). Б. бўшлиғининг туби қаттиқ танглай суяги ҳисобланиб, юқори девори ғалвирсимон юпқа суяк пластинкадан иборат, ҳидлов нервининг толалари шу пластинка тешикларидан ўтиб, Бурун бўшлиғига киради. Бурун бўшлиғи деворини ҳилпилловчи эпителийли шиллиқ парда қоплаб олган. Унинг туклари бир маромда тебраниб туради. Бурун бўшлиғини иккига (ўнг ва чапга) бўлиб турган тўсиқнинг орқа қисми суяк тўқима, олд қисми тоғайдан иборат бўлиб, Бурун бўшлиғининг ички деворини ҳосил қилади. Бу бўшлиқнинг ён деворида учтадан Бурун чиғаноғи бўлиб, улар остидан юқори, ўрта ва пастки ҳаво йўллари ўтган. Юқори ва ўрта ҳаво йўлининг ён деворида тешикчалар бор, Бурун бўшлиғи шулар орқали ўзининг ёндош бўшлиқлари билан туташади. Пастки ҳаво йўлида ёш Бурун каналининг тешиги бўлиб, бундан Бурун бўшлиғига ёш оқиб тушади. Буруннинг ёндош бўшлиқлари тўрт жуфт: юқори жағ, пешона, асосий ва ғалвирсимон бўшлиқ. Бурун бўшлиғи орқа томондан ҳалқум (ютқин)га катта чўзинчоқ тешиклар — хоаналар билан туташади. Бурун бўшлиғини қоплаган шиллиқ парданинг юқори қисмида ҳидлов нервининг охирлари тармоқланган, қолган қисмидаги ҳилпилловчи эпителий туклари Бурун тешиклари томон тебраниб туради. Бурун бўшлиғи нафас олиш, муҳофаза, ҳид билиш ва резонанс функцияларини бажаради. Нафасга олинган ҳаво Бурун бўшлиғидан ўтиш вақтида чангтўзон заррачаларидан тозаланади. Бурун шилимшиғидаги моддалар Бурун бўшлиғига тушган микробларни бир қадар юқумсизлантиради. Совуқ ҳаво Б. йўлларидан ўтаётганда исийди ва қон томирларга бой бўлган шиллиқ пардаларга тегиб намланади. Шиллиқ пардадаги ҳид билиш нерви ҳужайралари турлитуман ҳидларни бирбиридан ажратиш имконини беради. Бурун орқали нафас олганда ҳаво Б. дан ўта туриб чанг ва микроблардан тозаланади, илийди ва намланади. Бурун касалликларини оториноларингология фани ўрганади.

Носир Аҳмедов.

Loading...