БУРУНДУҚХОН

БУРУНДУҚХОН (? 1511) қозоқ хонларидан бири (1480—1511), Кирайхон (Гирейхон)нинг катта ўғли. Отаси вафотидан сўнг тахтга ўтирган. Абулхайрхон вафотидан кейин Муҳаммад Шайбонийхон билан ўзбек улусига эга бўлиш учун кўплаб жанглар олиб борган. Бурундуқхон 50 минг кишилик қўшини б-н манғитлар устига юриш қилганда (1480) Шайбонийхон 300 аскари билан манғитларга ёрдамга келиб Бурундуқхон қўшинини тормор келтирган. Б. Жонибекхоннинг ўғиллари Қосим султон ва Отик султон ҳамда манғитлардан Ҳамзабеклар билан Шайбонийхон турган Сиғноқни 3 ой қамал қилган, бироқ қалъани ололмай чекинган. Шайбонийхон Ўтрорга юриш қилганда Сиғноқ беклари, руҳонийлари қалъани Бурундуқхонга топширганлар. Бурундуқхон сўнгра Арқуқ қалъасини 40 кун муваффақиятсиз қамал қилган, Саброн, Ўтрор, Сайрам, Олатоғни эгаллаган. Б. Шайбонийхонга қарши туриш бефойдалигини тушунгач, қизини унга берган. Жонибекхон ва Кирайхон вафотидан сўнг уларнинг ўғиллари ўртасида ўзаро низо бошланган. Жонибекхоннинг ўғли Қосим султон Бурундуқхонни даштдан сиқиб чиқарган. Бурундуқхон ўзининг душманлари бўлган шайбонийлар ҳузурига — Мовароуннахрга кетишга мажбур бўлган ва умрининг қолган кисмини Самарқандда ўтказиб ўша ерда вафот этган.