БУТАН

БУТАН, Бутан подшолиги (Pendal Druk Shung) — Жан. Осиёдаги, Ҳимолай тоғларининг шарқий қисмидаги давлат. Майд. 47 минг км2. Аҳолиси 2 млн. киши (2000). Пойтахти — Тҳимпҳу ш. Маъмурий жиҳатдан 8 дзонг (вилоят)га бўлинган.

Давлат тузуми. Бутан — конституцияли монархия. Давлат бошлиғи — подшо. Подшо ҳузурида 9 маслаҳатчидан иборат кенгаш бор. Қонун чиқарувчи орган — бир палатали Миллий Ассамблея 150 аъзодан иборат (105 нафари сайланади, 10 нафари тайинланади, қолганлари — расмий кишилар, ҳукумат аъзолари ва подшо кенгашининг аъзолари). Ижроия ҳокимият подшо томонидан Вазирлар Кенгаши орқали амалга оширилади.

Табиати. Бутан ҳудуди тоғлиқцан иборат. Энг баланд чўққиси — Жомолхари (7314 м). Иқлими тоғтропик, муссон, сернам, тоғларнинг юқори қисмида совуқ. Водийларда ўртача тра янв. да — 4,5°, июлда 17°. Йилига 1000—5000 мм ёғин ёғади. 3500 м баландликкача ўрмон, ундан баландда субальп ва альп ўтлоқпари. Дарёлари — Санкош, Амо, Куру. ЖигмиДоржи, Газа, Маназ қўриқхоналари бор.

Аҳолиси асосан бхотиялар; гуркҳлар, неварлар ҳам яшайди. Аҳолининг 13% шаҳарларда истиқомат қилади. Расмий тили — бхотия (дзонгкэ, тибет тилига яқин). Асосий дини — лама мазҳабидаги будда дини.

Бутан 9-а. охирларидан Тибетга, 19-а. нинг 2-ярмидан 1947 й. гача Англияга қарам бўлган. 1949 й. даги шартномага кўра, Бутан ташқи сиёсат соҳасидаги ишларини Ҳиндистон ҳукумати билан бамаслаҳат олиб боради. Миллий байрами — 17 дек. — подшо сайланган кун (1917).

Бутан — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. улуши 42,7%, саноат улуши 9,6%. Қ. х. да деҳқончилик етакчи ўринда. Водийларида шоли, арпа, бурдой, тариқ, маккажўхори, жан. да пахта экилади. Жан. шарқида боғдорчилик тараққий этган (манго, апельсин, пизанг ва б.). Яйловларда қуй, йилқи боқилади. Ўрмонларда қимматбаҳо дарахтлар кўп; лок, мушк, мум тайёрланади. Йигирув ва тўқув ҳунармандчилиги, ўймакорлик қадимдан расм бўлган. Тахта тилиш з-ди ва мева консерва фкаси бор. 1,5 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. 1968 и. дан аэродром ишга тушган. Асосий транспорт воситаси отулов. Автомобиль йўллари уз. 2,5 минг км. Бутан четга ёғоч, кумир, мускус, лок, графит, фил суяги чиқаради. Чет эл сайёхлиги ривожланган. Ташки савдодаги асосий мижози — Ҳиндистон (ташқи савдо айланмасининг 95%). Пул бирлиги — нгултрум.

Сиёсий партиялар ва касаба уюшмалари тақиқланган. 1990 й. да асос солинган Бутан конгресси партияси, Бутан халқ партияси ва 1992 й. да ташкил бўлган Бутан миллий демократик партияси Непалда иш юритади. Мамлакатда чиқадиган ҳафталик ҳукумат газ. — «Kuensel» инглиз, дзонгкэ ва непал тилларида нашр этилади. «Бутан бродкастинг сервис» радиоэшиттириш ва телекўрсатуви 1973 й. да Бутан ёшлар уюшмасининг миллий радиоси сифатида ташкил этилган. 1992 й. дан мустақил.