БУТЕНЕВ МИССИЯСИ — Бухорога юборилган чор ҳукумати жосуслик миссияси (1841—42). Унинг асосий вазифаси Афғонистон ва Эрон орқали Туркистонга киришга интилаётган Англияга тўсқинлик қилиш, Бухоро хонлигида Россиян инг иқтисодий ва сиёсий таъсирини мустаҳкамлаш, Бухоро тупрогининг геологик тузилишини ўрганиш ва ер ости бойликларини текшириш, Бухоро хонлиги билан Россия ўртасида савдо ва элчилик муносабатларини мустаҳкамловчи шартнома тузиш, савдо-сотиққа оид маълумотлар тўплаш, Бухоро ва унга қўшни мамлакатлар тўгрисида маълумот йиғиш кабилардан иборат эди. Бутенев миссияси таркибида К. Ф. Бутенев (элчи), Ф. Богословский (тоғ инженери), Н. В. Хаников (географ), А. Леман (натуралист), Я. Яковлев (топограф), Плотников (шарқшунос), Чалпанов ва Петров (тоғ техниклари), К. Козлов ва Лепешков (олтин ювувчи мутахассислар), Аитов (таржимон) ҳамда ўнта казак бўлган. Бутенев миссияси 1841 й. 15 майда Оренбургдан чиқиб, 1841 й. 5 авг. да Бухорога етиб келди. Бутенев миссияси Зарафшон водийсида кўпгина геологик текширишлар олиб борди. Натижада юқори Зарафшонда ер ости бойликларидан: темир, мис, кўмир, қўрғошин, графит, феруза ва ҳатто олтин, кумуш борлиги аниқланди. Аммо Бутенев миссиясининг Бухоро хони билан савдо ва дипломатик шартнома тузиш юзасидан олиб борган музокаралари унча натижа бермади. Шунга карамай, Бутенев миссияси аъзолари Бухоро тўғрисида жуда бой географик, этнографик, табиий ва тарихий маълумот тўпладилар. Топограф Я. Яковлев миссия босиб ўтган маршрутлар тарҳини чизган ва Бухоро хонлигининг харитасини тузган. 1843 й. да Н. В. Ханиковнинг «Бухоро хонлиги тавсифи» китоби босилиб чиқди. К. Ф. Бутеневнинг «Бухоро минерал бойликлари», «Бухородаги пўлат тоблаш усули ҳақида мулоҳазалар», «Бухородаги рус кончилик заводлари маҳсулотини сотишни ривожлантириш тўғрисида» (1842) номли илмий мақолалари ҳамда А. Леманнинг немис тилида 1841— 42 й. ларда Оренбургдан Бухоро ва Самарқандга саёҳати ҳақида асари босилиб чикди.
4<Э.: Соловьев М. М., Экспедиция в Бухару в 1841—42гг., СПб, 1936,Муҳаммаджонов А. Р., Неъматов Т. Н., Бухоро ва Хиванинг Россия билан муносабатлари тарихига дойр баъзи манбалар, Т., 1957.