БУВАЙҲИЙЛАР

БУВАЙҲИЙЛАР — Ғарбий Эрон ва Ироқда ҳукмронлик қилган сулола (932—1055). Асосчилари — акаука Аҳмад, Ҳасан ва Али. Уларнинг отаси Бувайҳ (сулола номи шунинг исмидан олинган) Эрон подшоҳи Баҳром Гўр наслидан бўлиб, Дайлам (Гилон вилоятининг тоғли қисми)даги жангари қавмлар сардори эди. Шу боисдан мазкур сулола вакиллари «дайламийлар» деб ҳам аталган. Бувайҳ 930 й. сомонийлардан ажраб чиқиб, зиёрийларта қўшилган. Зиёрийлар ҳукмдори Мардовиж (928— 935) Бувайҳнинг ўғилларидан Алини Караж ш. га волий, Аҳмад ва Ҳасанни эса йирик ҳарбий қисмларга бошлиқ қилиб тайинлаган. Сўнг, Бувайҳийлар 932—945 й. ларда Арражон, Нубинжон, Исфаҳон, Ҳамадон, Рай, Кирмон, Аҳвоз, Шероз ш. ларини босиб олганлар. Шунда Бағдод халифаси АлМустакфий Биллоҳ (Абдуллоҳ) (944 — 946) акаука Бувайҳийларни ўзлари истило қилган вилоятларга ноиб этиб тайинлашга мажбур бўлиб, Алига «Имодуддавла» («Давлат таянчи»), Ҳасанга Р«укнуддавла» («Давлат устуни») ва Аҳмадга «Муьиззуддавла» («Давлат қудрати») деган фахрий унвон берган. Кейин, Бувайҳийлар 945 й. Бағдодни ҳам босиб олиб, аббосийлар халифалигининг сиёсий мавжудлигига чек қўйганларда, амалда давлатни ўзлари бошқара бошлаганлар. 10-а. нинг 2-ярмида Бувайҳийлар қад. Эрон ҳукмдорларининг «шаҳаншоҳ» деган унвонини қабул қилганлар. Бувайҳийларнинг энг машҳур вакили — Адудуддавла (949— 983) мамлакатдаги барча улусларни бирлаштиришга муваффақ бўлган. Унинг даврида суғориш тармоклари кенгайтирилган, Шероз, Бағдод ва б. ш. ларда катта қурилиш ишлари олиб борилган, иқто ерлари кўпайтирилган, илмфан ва санъат бирмунча тараққий этган. Адудуддавла вафотидан сўнг мамлакатда бошланган тахт учун кураш оқибатида Бувайҳийлар заифлашиб қолиб, мамлакат ерларининг шарқий қисми Маҳмуд Ғазнавий томонидан ишғол этилган (1029). Салжуқийларнинт 1055 й. қилган босқини эса Бувайҳийлар сулоласи ҳукмронлигини бутунлай тугатган.

Prev Article

БСИСУ

Next Article

БУГЕНВИЛЬ