БУХОРО БОСҚИНИ

БУХОРО БОСҚИНИ, Бухоро операцияси — қизил армиянинг Бухоро хонлигинтл тугатиш ва унинг ҳудудида шўролар ҳокимиятини барпо этиш мақсадида уюштирган босқини (1920 й. 28 авг. — 2 сент.). Большевиклар халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол равишда бузиб, 1920 й. фев. да Хива хонлигини босиб олганларидан сўнг Бухоро амирлиги сари юзландилар. 1920 й. май ойи бошларида Москвага келган Турккомиссия аъзолари Ш. Элиава ва Я. Рудзутак РСФСР ташқи ишлар вазири Г. В. Чичеринга «Турккомиссия эртагаёқ Бухоро амирлигининг мустақиллигини бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаради» деган баёнотини топширди. 1920 й. 22 майда (РКПб) МК бюроси Бухорога ҳужум қилиш тўғрисидаги Турккомиссия аъзоларининг ушбу фикрини маъқуллади. Туркистон қўшинларининг қўмондони М. В. Фрунзе Бухоро амирлигига қарши ҳарбий ҳаракатларни тезлаштиришни сўраб 1920 й. 31 июлда В. И. Ленинга телеграмма жўнатган. РСФСР қуролли кучлари бош қўмондони С. С. Каменев бу телеграммага «Қулай фурсатда бошлашга рухсат берилади» деб қисқа жавоб юборган. 1920 й. 12 авг. да М. Фрунзе амирликни тугатиш мақсадида Самарқанд-Бухоро (гуруҳифронти)ни тузиш ҳақида буйруқ берган. Шу тариқа амирлик чегараларига 7 минг пиёда, 2,5 минг отлиқ аскар, 5 оғир тўп, 35 енгил тўп, 206 замбарак, 5 бронеавтомобиль, 5 бронепоезд ва 11 аэроплан шай ҳолатга келтириб қўйилган. Амир Олимхон ихтиёрида 15 минг сарбоз, 55 эски тўп ва 12 пулемёт бор эди, холос. Ҳарбий кучлар нисбатига кўра Туркистон фронти замонавий қуролларга эга эди. 16—18 авг. да Чоржўйда Бухоро коммунистларининг 4съезди бўлиб, у амирга қарши қўзғолон кўтариш тўғрисида қарор қабул қилган. Большевикларнинг маккорона режалари амалга оша бошлаган. Тарихда «ялпи қўзғолон» деб аталган ҳаракат 1920 й. 23 авг. да Бешим Сардор бошчилигидаги ёлланма туркман отлиқларининг Чоржўй яқинидаги Сақор бозорни ишғол қилиши б-н бошланди. Бешим Сардор ва Чоржўй коммунистлари дарҳол Эски Чоржўйни ишғол қилганлар, юздан ортиқ амалдорлар қамоққа олинган. Чоржўй беклиги хазинаси қўлга киритилиб, бу бойликлар дарҳол Чоржўй ревкоми ва янги ҳукумат қўлига утган. Илгаридан келишувга кўра шу куни Чоржўй ревкоми «Бутун Бухоро халқи номидан» Туркистон фронтига ёрдам сўраб мурожаат қилган, ваҳоланки Бухоро халқи съезд қароридан ҳам, Бешим Сардор исёнидан ҳам бехабар эди. Бухоро тақдири қизил қўшин ихтиёрига топширилганди. М. Фрунзе «ёрдам» тўгрисидаги мурожаатни олгач, қўшинларини 4 та зарбдор гуруҳ (Самарқанд, Каттақўрғон, Чоржўй ва Когон)га бўлган. Самарқанд гуруҳи 29—30 авг. да ШаҳрисабзКитоб йўналиши бўйлаб ҳаракат қилиб Қарши ва Ғузорни эгаллаши, Каттақўрғон гуруҳи эса шу кунлари Хатирчи, Зиёвуддин ва Карманани олиши, Чоржўй гуруҳи бўлса эски Чоржўйни эгаллаб, Амударёнинг Афғонистон билан чегараларини назорат қилиши, Фороб ва Қоракўлни эгаллаб, қўшимча буйруқни кутиб туриши лозим эди. Асосий вазифа Когон гуруҳи зиммасига юкланди. У эски Бухорони эгаллаши, Олимхонни асир олиши ва Аркдаги хазинани эгаллаши керак эди. 1920 й. 29 авг. дан бошлаб эски Бухоро ҳам ҳаводан, ҳам ердан қаттиқ бомбардимон қилинган. Бухоронинг Қарши дарвозасигача келган т. й. да турган бронепоезд ва Самарқанд, Шайх Жалол, Намозгоҳ дарвозалари яқинида жойлаштирилган тўплардан 1—2 сент. кунлари шаҳарга 12 минг снаряд ташланган. 11 та аэ’роплан эса шаҳар устида 3 кун бомба ёғдирган. Бир неча млн. дона патрон сарфланган. Шаҳар ҳатто кимёвий снарядлардан ўққа тутилган. Шаҳарнинг Қарши ва Самарқанд дарвозалари тагига 800 кг дан ортиқ порох кўмилиб портлатилган. Қулаб тушган дарвозалардан кизиллар шаҳарга бостириб кирганлар. Кўча жанглари бошланиб кетган. Амир Олимхон шаҳар обидалари ва аҳолини омон сақлаш мақсадида шаҳарни ташлаб чиқиб кетган. Шўро аэропланлари уни қидириб топиш баҳонасида шаҳар атрофидаги қишлоқларни, тарихий обидалардан Ситораи Моҳи Хосанк бомбардимон килишган. 2 сент. да қизиллар Аркни эгаллаб унинг устига ўзларининг байроқларини тикканлар. Шафқатсиз ўқ ёмғири ва бомбардимон натижасида шаҳар обидаларининг 1/5 қисми вайрон этилиб, минглаб бегуноҳ одамлар нобуд бўлган. Ўша давр воқеаларининг бевосита шоҳиди бўлган маҳаллий тарихчи Муҳаммад Али Балжувоний ўзининг «Тарихи Нофеий» («Фойдали тарих») асарида қизил аскарлар томонидан қилинган Бухоро босқини оқибатларини қуйидагича тасвирлайди: «Бухорони босиб олиш натижасида 34 гузар, 3 мингдан ортиқ дўкон, 20 та сарой, 29 та масжид ёниб хароб бўлди. Минораи калонга ҳам зарар етиб, Олимхон ва Мир Араб мадрасалари ёниб кетди… Ҳазрати Имом дарвозасидан Гузари Назаргача, Кофиробод, Ўғлон дарвозаси, Масжиди калон, Зиндондан Тўқумдўзий ҳаммомигача, минора остидан то Сўзангарон даҳаси, Гул бозор, Латтафурушлар растаси, Регистондан то Пули ошиқоннинг бошигача батамом ёниб кетди. Қарши дарвозаси ҳам ёниб кетди… Шаҳарда 3 мингга яқин ҳовли ёниб кул бўлди. Бухоро ш. қарийб 20 кун ёнганди. Бухоронинг шу даражада хароб бўлганини ҳеч бир тарих кўрмаган эди». Бухороликлар бу кунларни «кичик қиёмат» деб айтишган. Шаҳарга кирган қизиллар Аркдаги амир хазинасини, Бухоро қозикалони, қушбеги ва б. амалдорларининг бойлигини мусодара қилганлар. Аскарлар ва қўшин раҳбарлари катта бойлик орттирганлар. Туркистон инқилобийҳарбий бюро «учлиги»нинг аъзоси А. Машицкийнинг 1920 й. сент. да Ленинга ёзган маълумотномасида шаҳар маркази яксон қилинганлиги, Регистон ва Арк ёндирилгани, Арк ертўлаларидаги ва омборхоналаридаги бойликлар — олтин, кумуш, бриллиантлар талангани, бунда қизил армия бевосита қатнашгани ҳақида хабар берган. Сент. ойларининг бошида амирлик хазинаси ва б. бойликлар ортилган 2 эшелон юк Тошкент оркали Москвага йўл олди. Қарийб 15 сент. гача давом этган Бухоро таловини гувоҳи бўлган Турккомиссия вакили Г. Сафаров ўз хотирасида: «Бухорога келган қизил қўшинлар энг аввало талончилик билан шугулландилар. Улар ҳаммани ва ҳамма нарсани таладилар. Умуман қизиллар Бухорони талаш учун келган эдилар», деб ёзганди. Бухородан сўнг қизиллар амирлик таркибидаги 27 бекликни ҳам биринкетин эгаллашган ва бу билан Бухоро хонлигита барҳам берганлар, унинг ҳудудида Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилган. Қизил аскар найзалари остида қилич ва ўт билан «Бухоро инқилоби» амалга оширилиб, собиқ ёш бухоролик жадидлардан иборат Бухоро Халқ Нозирлар Шўроси (раиси Файзулла Хўжаев) ташкил топди.

Ад.: Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида, Т., 2000; Туркистан в начале XX века: к истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Ўзбекистон тарихи (19171991), Т., 2000; Бухоро Шарқ дурдонаси (узбек, француз, инглиз, рус тилларида), Т., 1997.

Умар Рашидов, Қаҳрамон Ражабов.