БУХОРО ҚАТЛАМЛАРИ

БУХОРО ҚАТЛАМЛАРИ (Бухоро шаҳри номидан) — ўрта палеоцен даврида ҳосил бўлган ётқизиқлар. О. С. Вялов биринчи бўлиб 1934 й. горизонт, 1935 й. ярус сифатида палеоген даври қуйи қисмига киритган. 1959 й. стратиграфлар кенгаши қарорига кўра Б. қ. деб аталди. Асосан карбонатли (оҳактош, доломит мергель) тоғ жинсларидан, баъзан гипсангидриддан иборат. Шарқий Ўзбекистон (Тошкент вилояти, Фарғона водийси) ва Жан. Ўзбекистонда кенг тарқалган шўр сувли саёз денгиз лагунасида яшаган моллюскаларнинг эндемик комплекси асосида палеоценга киритилган. Халқаро стратиграфик схемада Бухоро қатламлари палеоценнинг танет ярусига (қуйи қисми) мансуб. Бухоро қатламлари даги фауналарни С. Ҳ. Миркамолова, Г. Н. Крейденков, Г. Ҳ. Солибоев ва б. ўрганган. Бухоро қатламлари Шарқий Устюртнинг қизил тақир горизонти (қуйи қисми) ҳамда Кавказ ва Қримдаги качин яруси б-н таққосланади. Биостратиграфик схемада Бухоро горизонти acarinina tadjikistanensis фораминифера ва NP9 наннопланктон зоналарга тааллуқли.