БУЙРАК ЕТИШМОВЧИЛИГИ

БУЙРАК ЕТИШМОВЧИЛИГИбуйрак фаолиятининг пасайиши синдроми. Тўсатдан (ўткир) ёки секинаста (сурункали) рўй беради. Кўп қон йўқотиш, механик шикастланиш туфайли қон босимининг пасайиб кетиши ёки беморнинг қон гуруҳига мое келмайдиган қон қуйиш, ток уриши, септик аборт ва б. ; дорилар ва б. металл тузларидан заҳарланиш оқибатида буйрак паренхимасининг шикастланиши; сийдик йўлининг ўсма ёки буйрак тошлари билан бекилиб қолиши, шикастланиш туфайли иккала буйрак зарарланиши ўткир Буйрак етишмовчилигига сабаб бўлиши мумкин. Ўткир Буйрак етишмовчилигида буйрак фаолияти, хусусан азот, сувтуз ва б. моддалар алмашинуви издан чиқади, бунда сийдик кам ажралади, огир ҳолларда бутунлай ажралмай қолади (анурия, уремия). Қонда сийдикчил (мочевина) микдори кўпаяди, организмнинг сийдикдан заҳарланиши кузатилади; тери ости, қорин ва кўкрак қафасида суюқлик тўпланади (сувдан семириш). Сурункали Буйрак етишмовчилиги асосан буйрак ва сийдик йўлининг узоқ давом этадиган касалликлари (гломерулонефрит, пиелонефрит, сил, буйрактош касаллиги ва б.) оқибати бўлиб, буйрак тўқимасининг бужмайиши (нефросклероз) ёки халтасимон кенгайиши (гидронефроз) билан давом этади. Ташналик, оғиз қуриши, тери қурукшаб қичишиши, қусиш, камқонлик; нафас аъзолари, юрактомирлар ва меъдаичак фаолиятининг бузилиши аломатлари кузатилади. Сийдикнинг нисбий зичлиги камайиб, миқдори эса ортади.

Давоси: ўткир Буйрак етишмовчилигида бемор касалхонада даволанади («сунъий буйрак» аппарати билан қон тозаланади, кислотаишқор, сувтуз алмашинуви ростланади); сурункали шаклида парҳез ва дори-дармонлар қўлланилади, гемодиализ ўтказилади. Кечиктирилган ҳолларда буйрак кўчириб ўтказилади (қ. Трансплантация).