БУЙРАК САНЧИҒИ

БУЙРАК САНЧИҒИ — буйракнинг айрим касалликлари белгиси. Бирданига белда қаттиқ оғриқ туради, баъзан у чов соҳасига, сонга, жинсий аъзоларга тарқалади. Оғриқнинг зўридан бемор ўзини қўйгани жой топа олмай қолади. Баъзан санчиқ вактида касал ботбот сияди (бу тошнинг сийдик найининг қовуқ олди ёки қовуқ ичида турганини билдиради), қайт қилади, ел чиқмайди, қорни дам бўлади, ҳарорати кўтарилади, тахикардия, қонда лейкоцитоз, ЭЧТ тезлашади. Буйрак санчиғи кўпинча сийдиктош касаллигида, сийдик йўлларида тузлар тўпланиб қолганда, гидронефроз, нефроптоз, буйрак сили ҳамда сийдик найи ва буйракнинг бошқа касалликлари натижасида юзага келади. Буйрак санчиғини ўзга хасталиклардан фарқлашда урография жуда қўл келади. Санчиқ қаерда ва қай тарзда бўлишидан қатьи назар дарҳол тез ёрдам чақириш лозим. Чунки қорин бўшлиғининг бошқа ўткир жарроҳлик касалликларида ҳам шундай санчиқ бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда касалликни аниқламасдан туриб, ўз билгича иссиқ ёки турлича дори-дармонлар қилиш ярамайди, акс ҳолда тузатиб бўлмайдиган оғир асоратларга олиб келиши мумкин. «Тез ёрдам» келгунча папаверин, ношпа ёки платифиллин таблеткаларини бериш ёки инъекцияларини қилиш мумкин.

Loading...