БУЮК ФРАНЦУЗ ИНҚИЛОБИ

БУЮК ФРАНЦУЗ ИНҚИЛОБИФранция тарихида мустабид тузумга барҳам берган ва янги ижтимоий тара ққиётга йўл очган инқилоб (1789 — 99). Қирол Людовик XVI1789 й. 5 майда Бош штатлар (парламент) мажлисини чақирди. 3тоифа депутатлари 17 июнда ўзларини Миллий мажлис, 9 июлда эса Таъсис мажлиси деб эълон этдилар. Мажлисни тарқатиб юбориш мақсадида қилинган уринишлар халқ қўзғолонига сабаб бўлди. 14 июлда Бастилия турмасига ҳужум бошланди. Бу Б. ф. и. нинг бошланиши эди. Авг. ойида Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинди. Париж Коммунаси бошчилигидаги 1792 й. 10 авг. қўзғолони натижасида монархия тузуми ағдарилди. Сиёсий раҳбарлик йирик савдо-саноат мулкдорлар вакиллари — жирондистлар қўлига ўтди. Инқилобни чуқурлаштириш тарафдори бўлган якобинчилар жирондистларга қарши чиқди. 1793 й. янв. да Конвент (олий қонун чиқарувчи ва ижрочи орган) ҳукми билан қирол Людовик XVI давлатга хоинлик қилишда айбланиб, қатл этилди. 1793 й. 31 май — 2 июнь қўзғолони оқибатида якобинчилар диктатураси ўрнатилди. Якобинчилар ҳукумати халқни сафарбар этиб, унинг Францияга бостириб кирган Европа монархиячи давлатлар (Пруссия, Австрия ва б.) қўшини устидан ғалабасини таъминлади. Бироқ якобинчилар авж олдирган оммавий террор уларнинг ижтимоий базасини торайтириб юборди ва мағлубиятга олиб келди. 1794 й. термидор (Франция Республикаси таъсис этган календарь бўйича 11ой) тўнтариши якобинчилар диктатурасига чек қўйди. Ҳокимият йирик мулкдорлар қўлида жамланди. Директория (1795 й. 4 нояб. дан 1799 й. 10 нояб. гача Франция ҳукумати) ўз тузумини ўрнатди. 1799 й. 18 брюмер куни уюштирилган давлат тўнтариши француз инқилобига барҳам берди.