БУЗОҚ

БУЗОҚ — сигирнинг 6 ойликкача бўлган боласи. Йирик зотли Бузоқ оғирлиги туғилишда 35—45 кг, майда зотлисининг оғирлиги 25—35 кг бўлади. Бузоқ тугилиши б-н оғизбурнидаги шилимшиқ сочиқ б-н артилади, туғилганда киндиги узилмаган бўлса қорин томондан 10—12 см қолдириб кесилади, кесилган жойига йод эритмаси суртилади, сўнгра ялаб тозалаш учун онаси олдига қўйилади. Туғилгандан кейин 1—1,5 соат ўтгач, биринчи марта онасига эмдирилади. Бузоқ чорвачилик фермаларида қуруқ, тоза похол тўшалган катакда биринчи ҳафта ичида огиз сути билан боқилади. Сўнгра умумий бузоқхонага кўчирилиб, алоҳида катакда, кейин 5—6 бузоқ биргаликда сақланадиган катакларда боқилади. 20 кунлик бўлгунча суткасига 6—8 л дан қаймоғи олинмаган сут б-н, 30 кунлик бўлганда бундай сут камайтирилиб, сунъий сут билан боқилади. Иккинчи ўн кунликдан бошлаб сифатли ўт, майин пичан, учинчи ўн кунликда аралаш озуқалар ейишга ургатилади. Икки ойлигидан эса Бузоқлар рационига илдизмевалар, яхши силос, аралаш ем, туз ва б. қўшилади. Яхши парваришланган ва соглом Бузоқлар вазни 6 ойлигида 125— 150 кг га етади.