БЮРАКАН АСТРОФИЗИКА РАСАДХОНАСИ

БЮРАКАН АСТРОФИЗИКА РАСАДХОНАСИАрманистон ФАга қарашли расадхона. 1946 й. да Арагац ш. да ташкил топган (расмий очилиш маросими 1956 й. да ўтказилган); Бюракан қишлоғи яқинида 1500 м баландликда жойлашган. Бюракан астрофизика расадхонасида қатор оптик ва радио телескоплар мавжуд. Астрофизик кузатувлар асосан 1948 й. дан бошланган. Юлдуз ассоциациялари кашф этилиши (1947) Бюракан астрофизика расадхонаси илмий йўналишини белгилаб берди. Расадхонанинг ҳоз. асосий илмий мавзуи — Галактика таркибини ўрганиш ва у б-н боғлиқ муаммоларни (юлдузларнинг келиб чикиши ва ривожланиши каби) ҳал этишдан иборат. Бюракан астрофизика расадхонасида 1952 й. «Турли типдаги тарқоқ юлдуз тўдаларининг атласи» нашр этилди. Расадхонада юлдузлар ва туманликлар спектрларини кузатиб ўрганиш, диффуз ва планетар туманликларни текшириш ва б. ишлар, радиоастрофизика соҳасидаги и. т. ишлари (радиотелескопларни лойиҳалаш ва қуриш, кузатув усулларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш) кенг кўламда олиб борилади.