ЧАД ТИЛЛАРИ

ЧАД ТИЛЛАРИ — сом-ҳом (афроосиё) тиллари макрооиласининг бир тармоғи; Марказий ва Ғарбий Суданда, Чад кўли атрофидаги минтақа — Шим. Нигерия, Шим. Камерун ҳамда Чад Республикаси ҳудудларида тарқалган. 150 дан ортиқ тилларни, лаҳжа гурухларини қамраб олади. Тармоқдаги энг йирик ҳисобланган хауса (тили)нинг азалий қўлланиш ҳудуди Нигернинг жан. шарқий қисмларини ҳам ўз ичига олади. Хауса халқининг кўчиб юриши ва савдосотиқнинг тобора кенгайиши натижасида хауса тили Гана, Того, Бенин республикаларининг шим. кисмлари ва Африканинг бошқа кўплаб мамлакатларида ҳам тарқалган. Ўтган асрнинг 90-й.

лари ўрталаридаги маълумотларга кўра, Чад тилларида 35—40 млн. дан (хауса тилида 31 млн. дан) ортиқроқ киши сўзлашади.

Чад тиллари 3 та асосий гуруҳга бўлинади: ғарбий чад тиллари, ўз навбатида, хауса, ангас, рон, болетангле, шим. баучи, жан. баучи, баде гуруҳчалари (7 та) га ажралади; марказий чад тиллари, ўз навбатида, тера, бурамарги, хиги, бата, хидкала, мандара, сутур, макакам, даба, гилер, котоко, музгу, маса гурухлари (13 та)га ажралади; шарқий чад тиллари, ўз навбатида, кера, нанчере, самрай, сокоро, дангра, мокулу, мубу гурухчалари (7 та) га ажралади.

Чад тилларининг фонологик тизимида ундошларнинг 3 тури — жарангли, жарангеиз ва эмфатик турлари фарқланади. Унлиларнинг чўзиқлик—қисқалик бўйича қарамақаршилиги кенг тарқалган. Барча Чад тиллари ҳам лексик, ҳам грамматик маъноли фонологик тон (оҳанг)ларга эга. Морфологиясида феъл тизими бошқа сомҳом тилларига нисбатан бир қанча ўзига хосликларга эга, олмошларнинг алохида суз ва қўшимча куринишидаги турлари мавжуд.

Чад тиллари орасида хауса тилигина ривожланган ёзув анъаналарига эга (қ. Хауса); бошқа тиллар уз ёзувига эга эмас. Энг кўп ўрганилгани ҳам хауса тилидир (19-а. ўрталаридан). Ўтган асрнинг 70-й. ларидан бошлаб барча Чад тиллари тавсифий ва қиёсийтарихий тадқиқотлар объектига айланди.

Ад.:Дьконов Н. М., Семитохамитские языки, М., 1965; Порхомовский В. Я., Чадские языки, в кн.: Сравнительноисторическое изучение языков разных семей. Задачи и перспективы, М., 1982.

Loading...